“Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда

“Қўқон” эркин иқтисодий зона2016 йил 1 ноябрь куни Фарғона вилояти Риштон туманида бўлиб ўтган сайловолди учрашувида Шавкат Мирзиёев Қўқон шаҳрида эркин иқтисодий зона (ЭИЗ) ташкил этиш ташаббусини билдирган эди.

Хўш, эркин иқтисодий зона ўзи нима? Айни пайтда кўплаб иқтисодчи-олимлар томонидан берилган таърифлардан келиб чиқсак, у мамлакат ичида давлат томонидан маълум бир иқтисодий ёки иқтисодий-ижтимоий мақсадларга эришишни кўзлаб ташкил этилган, махсус иқтисодий ва маъмурий тартибга эга алоҳида ҳудуд бўлиб, унда фаолият юритаётган субъектлар учун мамлакатнинг бошқа ҳудудларига нисбатан имтиёзли тартиб ва имкониятлар тақдим этиш демакдир.

Жаҳон иқтисодий амалиётида эркин иқтисодий зоналарнинг мамлакат ривожига катта ҳисса қўшиши кўп бор ўз тасдиғини топган. 1996 йилда шу жиҳат ҳисобга олинган ҳолда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб- ликасининг Қонуни қабул қилинди. Унинг 1-моддасида эркин иқтисодий зона тушунчасига алоҳида тўхталиб ўтилган. Яъни, ЭИЗ минтақани жадал ижтимоий-иқтисодий ривож- лантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган ҳудуддир.

Эркин иқтисодий зона ҳудудида юридик шахслар ва фуқаролар (жисмоний шахслар) хўжалик, молия- вий ва бошқа фаолиятнинг исталган турлари билан шуғулланишига йўл қўйилади, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ман этилган фаолият турлари бундан мустасно.

Шу кунгача Ўзбекистон ҳудудида “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналари мавжуд эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асносида ЭИЗлар сони яна тўрттага ошиши белгиланди.

Мазкур янги эркин иқтисодий зоналарнинг фаолият кўрсатиш муддати, кейинчалик уни узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. Мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш, тўқимачилик, гилам тўқиш, пойабзал ва чарм-галантерея, экологик жиҳатдан хавфсиз кимё, фармацевтика, озиқ-овқат, электротехника саноати, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари ва бошқа йўналишларда янги замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ЭИЗларнинг асосий вазифа ва йўналишлари сирасига киради.

Эркин иқтисодий зоналар ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятларидан комплекс ва самарали фойдаланиш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш, натижада эса аҳоли даромади ва турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. ЭИЗ қатнашчиларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилиши тадбиркор ва ишбилармонлар учун ўз лойиҳаларини иккиланмасдан, ишонч ва юксак мақсадлар билан рўёбга чиқариш, фаолият самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омил бўлиши, шубҳасиздир.

Юридик мақомга эга, ҳудудда йирик ва истиқболли лойиҳа амалга оширишга қодир, Фармонда кўрсатилган талабларни бажара оладиган маҳаллий ва ҳорижий инвесторлар ЭИЗ қатнашчилари бўлиши мумкин.

Шу ўринда савол туғилади: ЭИЗ таркибига кирувчи секторлар учун қандай имтиёзлар мавжуд?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонида ЭИЗлар қатнашчиларига 2016 йил 26 октябрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4853-сонли Фармоннинг 3-, 4- ва 5-бандларида кўрсатиган қоидалар татбиқ этилиши белгиланган.

Яъни, ЭИЗ таркибидаги тадбиркорлик субъектлари:

– ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунинг- дек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалардан;

– мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Рес- публикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мус- тасно);

– ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун четдан келтириладиган асбоб-ускуналар, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод этилиши белгиланган.

Шунингдек, Фармонда белгиланганки, қайд этилган божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар сотилган ёки беғараз берилган ҳолларда, улар олиб келинган пайтдан бошлаб уч йил давомида божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади.

Юқорида назарда тутилган имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳаж- мига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача амалда бўлади, жумладан:

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 3 йил муддатга;

3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 5 йил муддатга;

5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 7 йил муддатга;

10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда – 10 йил муддатга.

“Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4853-сонли Фармоннинг 5-бандида эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари учун қулай тартиб жорий этилиб, унга мувофиқ ЭИЗ  иштирокчилари:

– эркин иқтисодий зоналар фаолияти давомида экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун олиб келинадиган хом ашё, материал ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилиши;

– эркин иқтисодий зоналар доирасида иштирокчилар ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш;

– Ўзбекистон Республикасининг бошқа хўжалик юритувчи субъект- лари – резидентлари томонидан етказиб берилган товарлар, ишлар (хизматлар) учун хорижий валютада тўлаш, шунингдек, экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ўзларига қулай бўлган тўлаш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш шарт ва шаклларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.

Бу каби имтиёзлар ва шарт-шароитлар юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган ҳеч бир фуқарони, ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги, шубҳасиз.

– Республикамизда янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиши тўғрисидаги Фармон асносида “Қўқон” ЭИЗсига асос солиниши бутун водийлик тадбиркорларни севинтирди, десак адашмаймиз, — дейди шаҳар ҳокимлигининг иқтисодиёт бўлими бошлиғи Абдуҳалил Нурматов. – “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси Учкўприк тумани, Кенагас қиш-лоқ фуқаролар йиғинидаги Қақир қишлоғида ташкилланиши кўзда тутиляпти. Бугунги кунда ҳудуддаги бўш ер майдонлари, фойдаланилмаётган давлат мулк объектлари ўрганилиб, уларни тадбиркорларга ажратиб бериш чоралари кўриляпти.

Айни пайтда “Қўқонспирт” АЖ қошидаги “Барака файз импекс текстил” МЧЖ маъмурий биносида “Қўқон” эркин иқтисодий зона вилоят штаби фаолият юритяпти.

– Штабга бир кунда 200 га яқин тадбиркорлар мурожаат қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишяпти, бизнес лойиҳаларини тақдим қилишяпти. Штабда ҳар куни “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида барпо этиладиган корхоналар ва ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга бўлган талаб, тадбиркорлар ва инвесторларга яратиладиган ша- роитлар ҳамда имтиёзлар бўйича тушунтириш ишлари олиб бориляпти, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Султонов. – Тадбиркорларнинг иштиёқ ва юксак мақсадлар билан ЭИЗ қатнашчиси бўлишга интилиши Президентимизнинг “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони нақадар ҳаётбахш ва кутилган эканлигини намойиш қиляпти.

Имтиёзлардан фойдаланиш истагидаги тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича шаҳар ҳокимлиги иқтисодиёт бўлимининг (0 373)  542-42-40 ҳамда  “Қўқон” эркин иқтисодий зона вилоят штабининг (0 373) 551-06-29 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.

Азизахон АҲМЕДОВА,

“Қўқон садоси” мухбири.