Маҳаллаларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда

қўқонда прокурор сайёр қабулиМуҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида барча соҳалар фаолиятини бугунги давр талаби ва эҳтиёжлари асосида ривожлантириш баробарида, халқ билан мулоқотни янада фаоллаштириш, “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу тамойилни рўёбга чиқаришга
устувор вазифа сифатида қаралаётгани эътиборга сазовордир. Юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тавсия ва таклифлари асосида Халқ қабулхонаси институти жорий этилгани кўплаб фуқароларни қувонтирди.

Айниқса, бошқарув органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди идоралар вакилларининг сайёр қабуллари ўтказилаётгани аҳолининг бевосита ўзи истиқомат қилиб турган
жойдан ваколатли органлар раҳбарларига мурожаат қилиб, таклиф киритиш имкониятини бермоқда.

Қўқон шаҳар прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Бекзод Исмоиловнинг ҳам шаҳримиз маҳаллаларида сайёр қабуллари бўлиб ўтмоқда. Қабулларда халқ вакилларининг мурожаатлари ижобий ечим топяпти.

Хусусан, пайшанба – профилактика кунида шаҳар прокурорининг“58-Бунёдкор” маҳалла фуқаролар
йиғинида сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабулда мазкур маҳалла ва унга ёндош ҳудудлардаги маҳаллалар аҳолиси иштирок этдилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган йиғилишда шаҳар прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Б.Исмоилов юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар мазмун-моҳиятига тўхталди. Барча соҳаларда аҳолининг манфаатларини кўзлаган ҳолда туб ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат Дастури, тараққиётимизнинг бешта устувор йўналиши белгилаб берилган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар хусусида сўзлади. Жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлашнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилаётгани, шу асосда халқнинг барча ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига эришилиши ҳақида тўхталди.

Очиқ мулоқотда маҳаллалар аҳли ўзларини қийнаётган муаммолар билан прокурорга юзланишди. Хусусан, васийликка олиш, банклар, коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолари билан мурожаат қилишди. Сайёр қабулда банклар, коммунал хизматлар, ички ишлар идоралари ходимлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва тегишли ташкилотлар вакилларининг иштирок этгани муаммоларни жойида ҳал этиш имконини берди.

Шаҳар прокурори аҳолининг саволларига батафсил жавоб бериш билан бирга, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берди. Шунингдек, уларнинг ижро этилишини ўз назоратига олишини билдирди.
М. НОРБОЕВА