Ҳалқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг XV сессияси бўлиб ўтди

Шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нўъмонжон Акбаров, шаҳар ҳокимлиги бўлимлари бошлиқлари, шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, сиёсий партиялар, банд- ликка кўмаклашиш маркази, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси инспекторлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Сессияни шаҳар ҳокими А.Абдуллаев олиб борди.

Кун тартибидаги биринчи масала – “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шунингдек бу соҳада депутатлар ва жамоатчилик назоратини самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” шаҳар Тиббиёт бирлашмаси раҳбари Комилжон Сирожиддиновнинг ахбороти тингланди.

— Шаҳримизда 243033 нафар аҳоли истиқомат қилиб, 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар 74400, 18 ёш ва ундан катталар 168633 нафарни ташкил қилади. Бу аҳолига 5 та шифохона, 11 та оилавий поликлиника, 1 та кўп тармоқли поликлиника, 5 та вилоят тиббиёт муассасалари, шаҳар ДСЭНМ, 1 та тез тиббий ёрдам бўлими ва унинг 17 та гуруҳи тиббий хизмат кўрсатмоқда, — деди маърузачи ўз сўзида. — Шаҳар аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мус- таҳкамлаш, бирламчи тиббий хизмат ва тез тиббий ёрдам кўрсатишда учраётган камчиликларни бартараф этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидандир. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Тиббиёт ходимлари давлат органлари билан аҳоли ўртасида кўприк вазифасини бажаришлари лозим”, деган фикрлари асосида маҳаллий ҳокимлик, давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг асосий эътиборини тиббиёт муассасаларидаги муаммолар ҳамда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратиш зарур. Тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган шифокорларнинг касбий маданиятини ошириш, ўз вазифаларига бефарқлик билан қарашларига ва беморларга хизмат кўрсатишда сансалорлик, таъмагирлик каби ҳолатларга йўл қўймаслик муҳимдир.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган мажлисда тиббиёт соҳасининг бугунги кундаги ҳолати ўринли танқид қилиниб, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифат даражасини ошириш, соҳани ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди, устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланди. Биринчи навбатда, бирламчи тиббий-санитария хизмати тизими муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, туғруқ ёшидаги хотин-қизларни тўлиқ патронаж хизмати билан қамраб олиш, касаллик- ларни барвақт аниқлаш, оилавий поликлиникаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари билан зарур миқдорда таъминлаш, дорихоналарда дори-дармон ва тиббиёт воситаларининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик борасидаги ишларни янада кучайтириш зарур. Муҳтарам Президентимизнинг “Тиббиёт муҳити – бу маданият муҳити”, деган эзгу ғояларини ҳаётга татбиқ қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш кундалик вазифамиздир.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нўъмонжон Акбаров сўзга чиқди ва соҳага доир қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиланишларга тўхталди, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган таклиф-мулоҳазаларини билдирди.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Фарғона вилояти ҳокими томонидан Қўқон шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари лавозимига тақдим этилган номзодларнинг тасдиқланиши кўриб чиқилди. Шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб Раҳмоналиев Сирожиддин Бахромович, шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига Эргашев Азиз Адҳамович, шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари этиб Парпиев Зокиржон Тохирович тасдиқланди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.