Маҳалларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда

сайёр қабул қўқон шаҳар ҳокимиШаҳримиздаги 55-“Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ушбу маҳалла аҳли ва 53-“Бўстон”, 54-“Ширин” маҳаллалар фуқаролари шаҳар ҳокими Акрамжон Абдуллаев, шаҳар прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Бекзод Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўқон шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Ҳасанжон Собировлар билан юзма-юз мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар. Сайёр қабулда шаҳар ҳокимлиги мутахассислари, шаҳар ички ишлар бошқармаси, коммунал хизмат идоралари, тижорат банклари раҳбарлари, маҳаллалар раислари, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишди.

— Икки нафар вояга етмаган фарзандим бор. Айни пайтда керакли дори-дармонларни сотиб ололмаётганимиз боис уларнинг саломатлигидан хавотирдаман, — дейди 55-“Истиқбол” маҳалла фуқароси Лобархон Хўжаева. — Уларнинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли тиббий хизматга муҳтожмиз. Шифокорлар бир фарзандимнинг томоғида кичик жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини таъкидлашяпти. Шунга амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
Ушбу мурожаатчига шаҳар ҳокими Акрамжон Абдуллаев, албатта кўмак берилишини таъкидлади. Шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари К.Сирожиддинов ва маҳалла ҳудудида жойлашган 5-оилавий поликлиника шифокорлари томонидан Л.Хўжаеванинг фарзандларига керакли барча тиббий муолажалар қилинадиган, саломатликлари назоратга олинадиган бўлди.

Сайёр қабулда 30 нафарга яқин халқ вакилларининг шикоятлари тингланиб, банкдан кредит олишга кўмаклашиш, ишга жойлашиш, нафақа, маҳалладан моддий ёрдам олиш, паспорт алмаштириш, фарзандларини бадал пулисиз имтиёзли равишда боғчага жойлаш ва уй-жой масалаларидаги мурожаатлари кўриб чиқилди. Уларнинг ижобий ҳал этилиши юзасидан раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди. Шу куни шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарияти томонидан ишсиз фуқароларга турли йўналишларда бўш иш ўринлари таклиф этилди.