Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг XVI сессияси бўлиб ўтди

қўқон шаҳар ҳокимлигиШаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг XVI сессияси бўлиб ўтди. Сессия халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, шаҳар ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари бошлиқлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтди. Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нўъмонжон Акбаров ҳам қатнашди.

Кун тартибидаги биринчи масала – “Шаҳарда бирламчи тиббий-санитария ёрдамчи муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш ва янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши ҳузуридаги “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни, дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш” комиссияси раиси, шаҳар Кенгаши депутати Д.Деҳқонованинг маърузаси тингланди.

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “… тиббиёт ходимлари давлат органлари билан аҳоли ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришлари лозим”, деган талаблари асосида ҳар бир маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг асосий эътибори тиббиёт муассасаларидаги муаммолар ҳамда аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилиши зарур деб биламан, — деди Д.Деҳқонова. — Шаҳарда 16 та бирламчи тиббий ёрдам муассасаси, 11 та оилавий поликлиника фаолият юритиб, шаҳар аҳолисига малакали тиббий ёрдам кўрсатади. Тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган шифокорлар ўз вақтида Андижон, Тошкент малака ошириш институтларида тажрибаларини оширмоқдалар.
Маърузада таъкидландики, 2017 йил 1 март кунги Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг шаҳар соғлиқни сақлаш соҳасидаги оқсоқликларни бартараф этишга қаратилган танқидий сессиясидан сўнг бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 2, 3-оилавий полик- линикалар мисолида улар фаолияти ўрганилди. Натижа шуни кўрсатдики, аҳолига қулайлик яратиш учун оилавий поликлиникалар иш вақтини соат 8.00 дан 20.00 гача этиб ташкилланган, яъни 2 сменали режимга ўтказилган. Аммо ҳудудлардаги аҳоли ўзларига яқин жойдаги оилавий поликлиникалардан тиббий кўрикдан ўтиш ва маълум тиббий муолажаларни олиш имкониятига эга бўлсада, Шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси ва Болалар шифохонасига мурожаат қилаётгани аниқланди. Кўп ҳолларда фуқаролар иситма тушириш, қон босимини ўлчатиш, укол қилдириш каби масалалар бўйича ҳам хонадонларига шошилинч тиббий ёрдам ходимларини чақиришяпти. Бунинг натижасида шаҳримиздаги аҳволи оғирлашган, ҳақиқатдан ҳам шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш кечикмоқда.

Комиссия раиси оилавий поликлиникаларга мурожаатларни тўлиқ таъминлаш бўйича мутахассислар таклифлари берилиб, тарғибот ишлари жонлантирилганлигини таъкидлаб ўтди. Патронаж тизимини такомиллаштириш учун ҳар бир патронаж ҳамширасининг функционал вазифалари қайтадан ўқитилиши, патронаж сумкалари янгиланиши зарурлигини билдирди.
Сессияда эътироф этилганидек, тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли хонадонлари ўрганилиб, қайта рўйхатдан ўтказиб чиқилди ва узлуксиз патронаж хизмати кўрсатиш ишлари режалаштирилди. Хусусан, 2-оилавий поликлиника ходимлари томонидан 3400 тадан зиёд хонадонлардаги 22010 нафар фуқаронинг тиббий-ижтимоий ҳолати ўрганилди. 3200 нафар кекса ва 320 нафар нуроний, 12 нафар якка-ёлғиз, 210 нафар ногирон, 420 нафар 1 ёшгача бўлган бола, 186 нафар ҳомиладор аёл, 45 нафар гўдак боласи бор аёл ҳамда 769 нафар сурункали касаллиги бор ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли рўйхатга олиниб, узлуксиз патронаж ўтказиш учун бажариладиган ишлар режалаштирилди.

Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – “Аҳолига кўрсатилаётган амбулатор-поликлиника ва стационар хизматлари, тиббий-ижтимоий ёрдам, санитария- эпидемиология ҳолати бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида олиб борилган ишлар” юзасидан шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи К.Сирожиддиновнинг ҳисоботи тингланди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2017 йилнинг 5 ва 7 январь кунлари ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизими ходимларига 7 та устувор вазифа юклатилган. Патронаж хизмати сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматини яхшилаш, ихтисослашган тиббий ёрдамни ташкил этиш, қадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган арзон, сифатли дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш кабилар шулар жумласидан, — деди К. Сирожиддинов. — Шаҳримизда селектор йиғилишида Президентимиз томонидан  берилган топшириқлар ижроси асносида тиббиёт бирлашмасининг ихтисослаштирилган бўлимлари, яъни травматология, кардиология, неврология, гемотология ва эндокринология бўлимлари ташкил этилди. Аҳолига малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тез тиббий ёрдам бўлими алоҳида мустақил тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги шошилинч тез ёрдам шифохонасига айлантирилди (110 ўринли).

Сессияда Қўқон шаҳар ҳокимлиги қошида дори-дармон нархларининг назорати бўйича ишчи гуруҳ фаолият кўрсатаётгани, барча даволаш-профилактика муассасаларида 79 турдаги дори-дармон бўлиши таъминланаётгани таъкидланди. Инвестиция Дастурига асосан жорий йилда туғруқ комплексида 1-босқич таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 10-оилавий поликлиникани реконструкция қилиш бўйича ҳам ҳужжатлар тайёрланиб, тақдим этилди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик паласи депутати Нўъмонжон Акбаров сўзга чиқди ва республикамиздаги қонунчилик борасидаги янгиланишларга тўхталиб ўтди. Республика аҳолисига бирламчи тиббий хизмат ва тез ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт муассасаларини малакали, тажрибали тиббий ходимлар ҳамда замонавий тиббий диагностика ва даволаш асбоблари билан таъминлаш, дорихоналарда дори-дармон ва тиббий воситаларни чекланган нархларда сотилиши устидан назоратни кучайтириш юзасидан бажарилиши керак бўлган вазифалар хусусида сўзлади. Шунингдек, тиббиёт соҳаси фаолиятидаги бартараф этиш лозим бўлган муаммоларга батафсил тўхталди. Шаҳримиздаги оилавий поликлиникаларга аҳолининг мурожаати камлигини мазкур муассасаларда тор доирадаги шифокорлар йўқлиги билан изоҳлади. Кўп тармоқли марказий поликлиникада аҳоли узундан-узун навбатда туриб, керакли шифокорлар қабулига кираётганини таъкидлар экан, фуқароларга, хусусан ёш болали, кекса ва ногиронларга қулайлик яратиш масаласини чуқур ўйлаб кўриш кераклигини таъкидлади.

Келгусида ҳукуматимиз томонидан бу каби муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратилишини айтиб ўтди. У ўз маърузасида барча раҳбарларга фаолият юритаётган ҳудудидаги аҳолининг мурожаатларига кўра баҳо берилишини таъкидлади ва биринчи навбатда, халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш, шу асосда аҳоли ўртасидаги тарғибот ишларини жонлантириб, муаммоларни жойида ҳал этиб бориш кераклиги замон талаби эканлигини эътироф этди.