Инсон ҳаёти учун хавфли ёғ маҳсулотлари цехи ёпилди

Қўқонда ноқонуний цех ёпилдиДепартаментимиз ходимлари томонидан яширин равишда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни аниқлаш ва уларнинг ноқонуний фаолиятига барҳам бериш мақсадида ўтказилган тезкор тадбир давомида Худойқулов Даврон Мамуровичнинг “тадбиркорлик” фаолиятига чек қўйилди.

Д. Худойқулов Данғара тумани, Соҳил бўйи кўчасида жойлашган омборхонада пахта чигитидан ёғ ва кунжара маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган. Тезкор тадбир якунида 2 474 500 сўмлик 4 турдаги дастгоҳ ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган асбоб-анжомлар, ўсимлик ёғига ўхшаш суюқлик, кунжара ва чигит маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.

Қўқон шаҳар ДСЭН марказининг алоқа хатидаги хулосасида ашёвий далил сифатида олинган сариқ рангли ўсимлик ёғига ўхшаш суюқликнинг пахта чигитини уй шароитида қайта ишлаш натижасида ишлаб чиқарилганлиги, у инсон ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги кўрсатилган.

Албатта, инсон саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган ҳеч қандай фаолият жазосиз қолмайди. Жумладан, даромад орттириш илинжида ноқонуний иш юритган Даврон Худойқулов ҳам ўз жазосини олди. Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 186-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилган Д. Худойқуловга нисбатан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

А. ҚОДИРОВ,

Департамент суриштирувчиси.

Save