Тез тиббий ёрдам кўрсатишга нима тўсқинлик қилмоқда?

тез тиббий ёрдам машинаси қўқонЖорий йилнинг 16 мартида Президентимизнинг “Шошилинч тез тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида юртимизнинг барча шошилинч тиббий ёрдам марказларида амалий ишлар олиб бориляпти.

Бугунги кунда бўлимимизда 16 та чақирув бригадаси, “103” чақируви бўйича 4 та диспетчерлик хизмати, шунингдек, чақирувларни қабул қилиш учун қўшимча 542-20-03 алоқа телефони фаолияти йўлга қўйилган. Ихтисослашган бригадаларнинг ташкил этилгани, тиббиёт ходимлари узлуксиз равишда республикамизнинг етакчи илмий марказларида ўз малакаларини ошириб қайтаётганлиги ҳам аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадидаги тадбирлардандир. Қувонарлиси, Юртбошимизнинг аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашга қаратилган фармонлари асосида тез тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида аҳоли учун ишлатиладиган дори-дармонлар миқдори 2 баробарга ошди. Яқинда бўлимимизга 2 та янги “Дамас” хизмат автомашинаси топширилди. Албатта, бу каби чора-тадбирларнинг барчаси аввало, инсон ҳаётини асраш, унинг саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Бироқ, фуқаролар ҳам бу борада масъулиятли бўлсалар тез тиббий ёрдам сифатининг янада ошишига ўз ҳиссаларини қўшган бўлишади. Чақирувларни қабул қилиш, керакли манзилга вақтида етиб бориб, муолажани амалга ошириш нафақат шифокорлар, балки аҳолининг ўзига ҳам боғлиқдир. Афсуски, бу борада бир қатор муаммоларга дуч келяпмиз. Жумладан, кўча номларининг кўринарли жойларга ўрнатилмаганлиги, хонадонларнинг рақамланмаганлиги, айниқса, чақирув бригадалари фаолиятига тўсқинлик қилмоқда. Кундузи фуқаролардан чақирув берган фуқаро хонадонини сўраб, топиш мумкин. Бироқ, тунги вақтларда хонадон рақами мавжуд бўлмаган тақдирда беморларнинг уйини топиш анча мушкул ҳамда вақт талаб қилмоқда. Шу боис фуқаролар ўз яшаш хонадонларининг рақамланганлигига аҳамият қаратишлари мақсадга мувофиқдир.

Чақирув берувчи фуқаро бўлимимизга қўнғироқ қилганда беморнинг ҳолати ҳақида тўлиқроқ маълумот айтса, мазкур чақирувга тегишли мутахассис йўналтирилади. Бу ҳам, ўз навбатида, бемор саломатлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Таассуфки, ёлғон ва асоссиз чақирувларга ҳам гувоҳ бўляпмиз.

Баъзи фуқаролар бошқа шифокорлар томонидан буюрилган муолажани амалга ошириш учун ҳам тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилишяпти. Ваҳоланки, оддий инъекция ёки муолажани оилавий поликлиникаларнинг патронаж хизмати орқали ҳам амалга оширса бўлади. Чақирув бригадаларининг бу ҳолларда банд бўлиб қолиши биринчи тез тиббий ёрдамга чиндан муҳтож фуқаролар ҳаётига раҳна солиши мумкин.

Тез тиббий ёрдам автомашинаси чақирувчи хонадонига ўз вақтида етиб борса ёки беморни шифохонага зудлик билан олиб келса инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкони ортади. Бу борада эса автомобиль ҳайдовчиларидан ҳушёрлик талаб этилади. Яъни, йўлда ҳаракатланаётганда тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бериш, унинг ҳаракатига монелик қилмаслик инсон саломатлигини асрашга хизмат қилишини унутмаслик керак.

Азиз ҳамшаҳарлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг шунчаки кузатувчиси эмас, балки бевосита иштирокчисига айланиб, турли иллатларни бартараф этишда бир тану бир жон бўлсак, келажаги буюк давлатнинг пойдеворини қуришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Акрамжон ЎРМОНОВ,

Қўқон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари, тез тиббий

ёрдам бўлими раҳбари, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати.