Полиз экинларини заракўрандалардан сақлаш борасида маслаҳатлар

Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда картошкачилик муҳим ўрин тутади. Шу боис қишлоқ хўжалик ширкатлари ва шахсий томорқа эгалари картошка экиладиган майдонларни йилдан-йилга ошириб бормоқдалар. Соҳани ривожлантиришда қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликлари деҳқонларимизга жиддий қийинчиликлар туғдираётгани ҳам сир эмас.

Бу борада энг хавфли зараркунанда Колорадо қўнғизи бўлиб, унинг узунлиги 9-12 миллиметр, танаси  ва пардасимон қанотининг асоси қизғиш сариқ, тепасининг олди қисмида 1-10 та қора доғлари  бўлади. Қўнғиз тупроқда 20-60 сантиметргача чуқурликда қиш- лайди. Баҳорда эса тупроқдаги ҳарорат 14-15 даражага кўтарилганда у ер бетига чиқиб, картошка, бақлажон ва бошқа итузумдошлар баргининг 12-18 жойига 400 тадан 700 тагача, айримлари эса 2400 тагача тухум  қўяди. Бу уруғларда жонланган личинкалар экин баргини истеъмол қилиб ривожланади. Натижада ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади. Агар қўнғиз экинларнинг ўсув даврида тўрт маротабагача насл беришини ҳисобга  олсак, унинг деҳқончилик учун зарари нақадар катта эканлигини яққол сезиш мумкин.

Колорадо қўнғизига қарши курашишда кимёвий препаратлардан хлорофос, децис, каратэ кабилардан фойдаланиш тавсия этилади. Ҳар гектар майдонга хлорофос эритмасидан 2 килограмм, децис препаратидан 0,3 литрдан, каратэ препаратидан эса 0,4-0,8 литрдан сепиш мақсадга мувофиқдир. Лекин, кимёвий дорилардан кўра экинлардаги қўнғиз ва личинкаларни қўлда териб олиш энг самарали усуллардан биридир. Бунда қўнғиз ва личинкалар дизель ёқилғиси ёки тузли сув солинган идишларга териб олиниб, сўнг махсус жойга кўмиб юборилади. Бу усул зараркунандаларга қарши курашда ҳам арзон, ҳам экологик мусаффолик демакдир.

Қишлоқ хўжалик экинларига катта зиён етказадиган яна бир зараркунанда гулли паразит бу – зарпечакдир. Зарпечак далаларда, шахсий томорқаларда, қўйингки, барча ерда пайдо бўлиши мумкин. У хўжайин ўсимликнинг соғлом поясига ўрнашиб, сўрғичлар чиқаради.

Зарпечакнинг пояси ингичка, барглари ва илдизи бўлмайди. Бу зараркунанда тупроқда бир неча йил яшай олади ва униб чиқиш хусусиятини йўқотмайди. Ингичка пояси билан ўсимликларни ўраб олиб, сўрғичлари ёрдамида унинг озиқ моддалари ва сувини шимиб олади. У уруғдан ва поя бўлакчаларидан кўпаяди.

Зарпечакка қарши курашда экиладиган уруғни зарпечак уруғидан тозалашга катта эътибор бериш керак. У тарқаладиган манбаларга гербицидлар (ДНОК, натрийпентохларяенолят) сепиш мумкин.

Булардан ташқари, ҳозирги пайтда деҳқонларимиз олдида долзарб масала – ғаллазорларни бегона ўтлардан тозалашдек муҳим карантин агротехник тадбир турибди. Чунки, мингдевона, бангидевона, кўкмараз, кампирчопон сингари бегона ўтларнинг уруғлари донга аралашиб қолиши инсон саломатлиги учун хавфлидир. Уларнинг уруғлари буғдой билан тегирмонга тушиб кетадиган бўлса, истеъмол қилинганда кишининг нерв системаси, нафас йўллари, овқат ҳазм қилиш органлари заҳарланади. Айрим ҳолларда эса инсон ҳаёти учун ғоят хавфли оқибатларга олиб келади. Шунинг учун дон экинлари ўримигача ғаллазорларни яна бир карра бегона ўтлардан тозалаб чиқиш тавсия этилади.

Юқоридагиларга амал қилган деҳқонлар экинлардан мўл ҳосил етиштиришлари билан бирга аҳоли саломатлигини муҳофаза этишга ҳам салмоқли ҳисса қўшган бўладилар.

Б. ЖЎРАЕВ, шаҳар карантин инспектори.