Ёшларимиз тақидирига бефарқ бўлмайлик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар дастури доирасида жорий йилнинг биринчи чорагида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди. Таассуфки, шаҳримизда ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этувчи омилларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, маҳаллалар ҳудудини ободонлаштириш, санитария меъёрларига риоя қилиш каби соҳаларда муайян ишлар амалга оширилишига қарамасдан кишини чуқур мулоҳазага ундовчи салбий ҳолатлар ҳам юзага келмоқда.

Маълумотларга назар солсак, шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 1147 та туғилиш қайд этилган. Ёлғиз оналар сони 43 тани ташкил этяпти. 144 та оталикни белгилаш ҳолати қайд этилган бўлиб, шундан 31 таси суд қарори билан белгиланди. 14 та ҳолатда шаръий турмуш қуриб яшаётганлар аниқланиб, саъй-ҳаракатлар билангина қонуний никоҳдан ўтказилишига эришилди.

Минг афсуски, шаърий никоҳ билан яшаш ҳоллари кўп кузатилиши оқибатида қўшхотинлик тобора авж олиб бормоқда. Бу борада шаҳримиз имом хатибларидан ўз вазифаларига виждонан ёндашишлари талаб этилади. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилик- ларида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага кенг тўхталинди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида оилавий ажримлар сони 119 тани ташкил этгани, бу эса ўтган йилга нисбатан 13 тага кўпайгани ҳам барчамизни фаолиятимизга янада дахлдорлик ҳисси билан ёндашишга ундайди. Ажримларни маҳаллалар кесимида таҳлил этганимизда, “Азизтепа”, “Райҳон”, “Олтин водий” МФЙларида 5 тадан, “Шалдирамоқ”, “Исфара гузар”, “Мисгарлик”, “Дег- резлик”, “Калвак”, “Шайхон”, С.Абдулла, “Зилол”, “Муқимий” маҳалларида 4 тадан,  “Ғиштли масжид”, “Яланғоч ота”, “Ноиб кўприги”, “Қаймоқли гузар”, “Аччиқкўл”, “Оқ олтин”, “Афғонбоғ”, “Истиқлол”, “Янгиобод”, “Бўстон”, “Уста бозор” МФЙларида 3 тадан, “Қаландархона”, “Ёғ бозори”, “Ғалчасой”, “Булоқбоши”, “Ғозиёғлиқ”, “Садоқат”, “Нурафшон”, “Навбаҳор”, А.Зоҳирий, “Ўрмонбоғ”, “Мустақиллик”, “Дўстлик”, “Сунбула” МФЙларида 2 тадан ва қолган МФЙларда 1 таданни ташкил этмоқда.

Муаммо нимада? Ўзбекистон  Рес- публикаси Вазирлар Маҳкамасининг 274-сонли қарорига асосан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Намунавий низомлари, Тафтиш комиссияси ва 8 та жамоатчилик комиссиялари ташкил этилган ва фаолият олиб бормоқда. Ваҳоланки, “Яраштириш комиссияси”нинг раиси – маҳалла фуқаролар йиғини раиси, деб белгиланган бўлса-да, маҳаллаларда бу йўналишдаги ишларга масъулият билан ёндашилмаяпти. Оилаларни яраштириш чоралари кўрилмаганлиги, маҳаллалар раисларининг намунали оила фуқаролари билан, имом хатиблар, отинойилар билан ҳамкорлиги етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги кишини ўйга толдиради. Бу борада шаҳар “Маҳалла” жамоат фондининг назорат ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Йилнинг ўтган даврида 100 нафардан зиёд хотин-қизларимиз оилаларини ташлаб, четга чиқиб кетишган. Ушбу давр мобайнида хорижда юрган 247 нафар хотин-қизни юртимизга қайтаришга эришсакда, аммо бу кўрсаткич етарли эмас. Хорижга чиқиб кетган фуқароларимиз орасида вояга етмаганларнинг ҳам борлиги эса, айниқса, ачинарлидир. Жумладан, 1-мактабнинг 5 нафар, 2-мактабнинг 6 нафар, 3-мактабнинг 4 нафар, 4-мактабнинг 11 нафар, 5-ва 9-мактабнинг 1 нафар, 14-мактабнинг 27 нафар, 16-27-мактабларнинг 2 нафар, 18-35-мактаб-  ларнинг 3 нафар, 21-мактабнинг 13 нафар, 30-мактабнинг 5 нафар, 41-мактабнинг 14 нафар ўқувчиси айни пайтда мажбурий умумий ўрта таълим олиш жараёнида эмас, чет элларда юргани бевосита юртимиз келажаги бўлмиш ёшларнинг истиқболига бефарқлик ифодаси эмасми?

ХТМФМТТЭБ томонидан таъсирчан механизмга эга чора-тадбирлар ишлаб чиқишни даврнинг ўзи талаб қилаётганлигини юқоридаги кўрсаткичлардан сезиш қийин эмас. Минг афсус, ўқувчи-ёшлар тақдирига бефарқлик оқибатида мустақил она диёримиз равнақи учун ўз ҳиссасини қўша оладиган билимли, ақлли кадрларни, келажагимиз эгаларини йўқотяпмиз. Маҳалла фаоллари, оилалар бошлиқлари, таълим муассасалари мутасаддилари, профилактика инспекторлари “Эртага бизнинг фарзандларимиз, бизнинг жигаргўшаларимиз ким учун хизмат қилади, кимнинг олдида ўз бурчини адо этади?”, деган савол устида бош қотиришлари зарур.

Бугун маҳаллаларимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг ортиб бораётганини, нима учун камайишига эришолмаётганимизни ҳеч бир важ билан изоҳлай олмаймиз. Бу юртимизда фуқаролар осойишталигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар моҳиятини аҳолига тўлиқ етказа олмаётганимиздан дарак эмасми?! Ушбу иллатни бартараф этиш борасида маҳаллалар раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ва комиссиялар ўз ишини яхши ташкил этиши, ҳар бир хонадон билан алоҳида ишлаши лозим.

Диний ва дунёвий таълимотда ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш қаттиқ қораланади. Ахир, ота-боболаримиз барча қийинчиликларни матонат билан енгиб, ўзига бек халқ номига сазовор бўлишган. Биз ҳам мана шу халқ фарзандлари сифатида фақатгина юртимиз ривожини кўзлашимиз зарур. Шу йилнинг биринчи чорагида “Ёғ бозори”, “Ғозиёғлик”, “Ғиштли масжид”, “Тўхлимерган”, “Қўшчинор”, “Шалдирамоқ”, А.Навоий МФЙларида 7 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилгани эса фаолиятимизнинг энг оғриқли нуқтасидир.

Таҳлил этилаётган давр мобайнида педагогика коллежининг 2 нафар, тиббиёт коллежининг 1 нафар 17 ёшли ўқувчи-қизлари ўртасида никоҳ қайд этилгани, 18 ёшли қизлар ўртасида ушбу кўрсаткич 14 нафар, 19 ёшли қизлар ўртасида эса 21 нафарни ташкил этгани бу борада ҳам тарғибот ишларини кучайтириш кераклигидан далолат бермоқда.

2015-2016 ўқув йилида Қўқон шаҳридаги 13 та касб-ҳунар коллежини 5216 нафар йигит-қиз тамомлади. Битирувчиларнинг 2617 нафарини қизлар ташкил этган. Уларнинг 230 нафари бугунга қадар иш билан таъминланмаган. Мана яна битта ўқув йилини тугатиш арафасида турибмиз. Бу ўқув йилида қанча қизларнинг бандлиги таъминланмайди, қанча қизлар диплом олмайди, яна қанчаси четга чиқиб кетади? Бу саволлар барчамизни ташвишга солиши керак. Чунки, ҳар бир битирувчи – битта тақдир. Бунга эса бефарқ қараб бўлмайди!

Бу каби салбий кўрсаткичларни бартараф этиш борасида ҳамкорлик тизимининг аҳамияти катта. “Маҳалла”, “Камолот”, хотин-қизлар қўмитамиз, “Нуроний”, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари бу борада бир ёқадан бош чиқариши шарт. Унутмаслик керакки, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарликни фаолиятимизнинг кундалик қоидасига айлантирмас эканмиз, кўзлаган натижага эриша олмаймиз. Зеро, сансолорликка чек қўйиш, “бу менинг ишим эмас”, деб, лоқайд бўлишдан йироқ юришни даврнинг, ислоҳотларнинг ўзи тақозо этаётганини инкор эта олмаймиз.

Унумли иш, ижобий кўрсаткичлар учун барча шароитлар мавжуд. Биздан эса ватанпарварлик ва фидойилик талаб этилмоқда. Шундай экан, Ватан равнақи, шаҳримиз тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиб, юқори марраларни забт этайлик!

М. ҒИЁСОВА,

қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.