Суд-ҳуқуқ тизимини ислох қилиш масалалари муҳокама этилди

Қўқон шаҳар Ягона дарча мажлислар залида мамлакатимиз Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги режаларга бағишланган видеоселектор йиғилишидаги маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши раиси М. А. Усмонов раислигида ўтган муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгаши депутатлари, хуқуқ-тартибот ва суд идоралари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

қўқон ягона дарчаМуҳокамада ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини чинакамига мустақил суд ҳокимиятисиз тасаввур этиб бўлмаслиги. Шу нуқтаи назардан судларнинг жамиятдаги ўрни ва вазифалари адолат, очиқлик ва инсонпарварлик тамойилларига асосланган бўлиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Маърузачилар президентимизнинг судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак, деган фикрлари судьялар фаолиятининг мезонини белгилаб бергани ҳақида сўзладилар. Суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, суд идораларида адолатли қарорлар чиқарилишини таъминлаш ва судловга оид демократик тартиб-тамойилларни амалда қўллаш билан бир қаторда адвокатура институтини ривожлантириш ва фуқарорларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида фикр алмашдилар.

Улуғбек Норбоев