Ошқозон яраси хавфли касалликми?

ошқозоня раси гастритОшқозон яраси бугунги кунда кенг тарқалган касаллик турларидан биридир. Биргина Қўқон шаҳар тез тиббий ёрдам қабул диагностика бўлимида 1 ой давомида ўртача 200 нафарга яқин шу касаллик билан оғриган беморлар аниқланади.

Тартибсиз овқатланиш, ўта ёғли, қаттиқ қовурилган овқатларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш туфайли аввал ошқозонда яллиғланиш пайдо бўлади. Вақтида даволанмаса, ошқозон ярасига айланади. Баъзи дори-дармон воситалари (аспирин, гармон)ни оч қоринга қабул қилиш, ирсий касаллик ҳам бу касалликнинг пайдо бўлишига замин яратади. Киши ўзини қаттиқ ҳаяжонланишдан, ўта тушкунликка тушиб қолишдан асраши зарур. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини қўлга ола билиши керак. Чунки асабийлашиш билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб касалликларни келтириб чиқаради. Жумладан, ошқозон ярасини ҳам.

Бу касалликда асосан, тўш соҳасида оғриқ бўлади. Кўпинча тунда оғриқ кучаяди. Иштаҳанинг пасайиши, тез-тез кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши кабилар кузатилади. Касаллик кучайган пайтда кўп сўлак ажралиб, ўқчиқ тутади. Киши ҳолсизланиб, тез чарчайдиган бўлиб қолади, кўп терлайди, нохуш кекирик кабилар юз беради.

Ўз вақтида овқатланмаслик, йўл-йўлакай тамадди қилиш натижасида меъда ширасида кислоталилик муҳити ўзгариб, меъёрий ҳолат бузилади. Аслида меъда  шираси овқатни ўзлаштиришда муҳим омил бўлиб, унинг таркибидаги хлорид кислота овқат луқмаларини намлаб, парчалайди. Агар ошқозонда оғриқ хуруж қилган вақт асабийлик, кўп терлаш, ҳолсизлик юзага келса, меъда шираси кислотасининг юқорилиги ташхиси қўйилади. Юқори кислоталилик меъда шиллиқ қаватининг емирилишига олиб келиб, кислота ишлаб чиқарилиши меъёридан тезлашади.

Ҳар қандай касаллик вақтида даволанмаса, жиддий асоратларни қолдиради. Жумладан, ошқозон яраси ўз вақтида ёки тўғри даволанмаса, меъда саратони, жигар фаолиятининг бузилишига олиб келади, ичакларга салбий таъсир кўрсатади.

Муолажа шартларининг энг асосийси дори препаратлари билан бирга, парҳезга қатъий риоя этишдир. Агар парҳезга амал қилинмаса, дори-дармон воситалари ҳам таъсир этмаслиги мумкин. Бу касалликка чалинган беморларга ёғсиз мол, балиқ, товуқ гўштлари, сабзавот ва мевали бўтқалар, мева шарбатлари, сут-қатиқ маҳсулотлари, ёғсиз творог, газсиз сув кабилар тавсия этилади.

Ёғли гўштлар, тузланган, дудланган маҳсулотлар, аччиқ, шўр, ўта иссиқ, ўта совуқ егуликлар, спиртли ичимликлар, узум шарбати, пиёз, саримсоқ пиёз, булғор қалампири кабиларни тузалгунга қадар таомномадан ўчириш зарур.

Ёзнинг иссиқ кунларида газланган, яхна ичимликларга эҳтиёж сезамиз. Шуни унутмаслик керакки, булар ошқозонга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Ошқозон яраси мавсумий касаллик бўлиб, эрта баҳорда ва куз фаслида хуруж қила бош- лайди. Асосан 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган одамларда кўпроқ учрайди.

Бу касалликдан тузалган инсонлар баҳор ва куз бошланганида 10 кун давомида парҳез қилиб, шифокор билан маслаҳатлашиб, даволаниб юришлари керак. Шунда касаллик қайталанмайди.

Касални даволагандан, олдини олган яхши. Соғлом бўлиш ҳар биримизнинг ўз қўлимиздадир!

Абдулла Исаҳонов, Қўқон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам қабул

диагностика бўлими эндоскопис шифокори.

Нилуфар ЖАВҲАРОВА, “Қўқон садоси” мухбири.