“Қўқон-1912” яна 2-ўринда

Ўзбекистон чемпионатида иккинчи давра ўйинлари тобора қизғин тус оляпти. Учрашувларда қайд этилаётган натижалар буни яққол кўрсатиб турибди. Бу жиҳатдан 17-тур айниқса характерлидир. Масалан, 2-ўринда бораётган “Насаф” (Қарши)нинг Бухорода мағлубиятга учраши кутилмаган воқеа бўлди. Шунингдек, “Олмалиқ”нинг мағлубиятсиз юришига барҳам берилди. У Тошкентда “Бунёдкор”дан енгилди – 0:1. “Машъал” эса анча кучли “Металлург”ни Бекободда таслим этди. Наманганнинг “Нав-баҳор”и қаторасига иккинчи ғалабасини нишонлаб, очколар сонини 25 тага етказиб олди.

Ўзбек футболида ўзига хос “Классико” деб ном олган учрашув бўлди. “Пахтакор” азалий рақиби “Нефтчи” (Фарғона)ни қабул қилиб 6:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва “Нефтчи”ни ер тишлатди. Кейинги 3 та ўйинда (2 та чемпионат ва Кубок) “Нефтчи” ўз дарвозасидан нақд 10 та (?!) тўп олиб чиқди, биттагина тўп киритди, ҳатто пенальтини ҳам голга айлантира олмади?!

17-тур ўйинларида “Насаф”нинг мағлубияти қўқонликларга қўл келди, дейиш мумкин. Чунки ҳамшаҳарларимиз Тошкентнинг “Обод” жамоасини қабул қилиб, 1:0 ҳисобида ғалабага эришдилар ва турнир жадвалида яна 2-ўринга кўтарилиб олдилар. Ғалаба тўпини Жавоҳир Сиддиқов киритди.

Ҳамшаҳарларимиз навбатдаги учрашувни 19 август куни  Навоийда “Қизилқум” билан ўтказишади. Қўқонлик футбол ишқибозларини 19-турда яна бир қизиқарли ва шиддатли ўйин кутиб турибди. Бу – “Қўқон-1912” ва “Нефтчи” (Фарғона) ўйинида 26 август кунига белгиланган бу учрашувда ўйингоҳ ишқибозлар билан лиқ тўлиши кутилмоқда.

Ҳамшаҳарларимизга навбатдаги учрашувларда ҳам омад тилаймиз.

М. ЙЎЛДОШЕВ, “Қўқон садоси”нинг футбол шарҳловчиси.