Тадбиркор хотин-қизлар янгилик сари интилмоқда

16 август куни шаҳримизда LA’CORE компаниясининг сервис маркази очилиши бўлиб ўтди. Унда компания президенти жаноб Ким, компаниянинг бош директори Гулбаҳор Йўлдашева, бизнес бўйича компания бош менежери Азизахон Ташходжаева, шаҳар сервис маркази раҳбари – тадбиркор аёл Нодира Азизова, шаҳримиз хотин-қизлари қатнашдилар.

Маълумот: LA’CORE компанияси Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, косметика воситаларини ишлаб чиқаради. Фаолият бош- лаганига 2 йил бўлди.

Меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида гуллар ва шарлар билан безатилган йўлакдан кириб келдилар. Жаноб Ким ва Г.Йўлдашева рамзий лентани кесиб, сервис марказини очиб берди. Жаноб Ким сўзга чиқиб, компания ҳақида, келажакдаги режалари, ўзбекларнинг меҳмондўст халқ эканлиги тўғрисида  гапирди.

— Асосий мақсадимиз, аёлларимиз учун сифатли пардоз воситаларини ишлаб чиқариб, бозоримизга мослаштирилган нархларда етказиб беришдир, — деди Г.Йўлдашева. — Кореянинг косметик воситалари дунёда 3-ўринда туради. Сифат даражаси жуда юқори. Ўзбекистоннинг миллий маҳсулоти бўлмиш LA’CORE косметик воситаларининг хом ашёси Жанубий Кореядан олиб келинмоқда ҳамда иқлимимизга мослаштириб ишлаб чиқарилаётгани билан аҳамиятлидир.

Компания маҳсулотлари қўшни давлатлар – Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинмоқда.

— Очиғини айтиш керак, Ўзбекистонда косметика яхши ривожланмаган, — дейди жаноб Ким. — Пардоз воситаларини ишлаб чиқарувчи фирмалар жуда кам. Бу ерда яхши натижаларга эришишга кўзимиз етгани учун ҳам ҳамкорликка Ўзбекистонни танладик. Танловдан адашмаганимизга ҳозирда гувоҳ бўлиб турибмиз. Косметика воситаларимиз жуда тез суръатларда оммалашмоқда.

Ушбу компания негизида шаҳримизнинг кўп-лаб хотин-қизлари иш билан банд бўлдилар.

Компания раҳбарларига қўқонликлар томонидан Риштон кулоллари ясаган, ўзларининг суратлари туширилган лаганлар совға қилинди.

Нилуфар ЖАВҲАРОВА.  «Қўқон садоси» мухбири.