Сут бези саратони – глобал муаммо

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги «2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида республикамизда ушбу соҳадаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда

Маълумки, бугунги кунда кўкрак бези саратони дунё ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга солиб, кўплаб аёлларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Таассуфки, ушбу касаллик йилдан-йилга ёшариб бориб, илгарилари 50-60 ёшли аёллар ўртасида кузатилган бўлса, бугунги кунда унинг илк асоратлари ўсмир қизларда ҳам кузатиляпти. Унинг келиб чиқиш сабаби ва даъво чоралари аниқ эмаслиги эса ўз вақтида унга қарши курашишни талаб этади.

Онкология диспансерида саратон касалликларининг олдини олиш, уни ўз вақтида аниқлаш ва самарали даво чораларини қўллаш имкониятлари йил сайин ортмоқда. Жумладан, яқинда диспансерга лаборатория аппаратлари олиб келиб ўрнатилди. Амбулатория бўлимининг маммография хонаси рақамли маммография аппарати билан таъминлангани эса ўз навбатида шаҳримиз ва атроф туманлар хотин-қизларининг саломатлигида муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур аппарат олиб келиб, ўрнатилганига 6 ойдан ошди. Шу давр мобайнида 1246 нафар хотин-қиз назоратдан ўтди ва уларнинг 42 нафарида саратон ва саратонолди касалликлари аниқланди. Текширувлар чоғида саратон касаллигининг 3- ва 4-босқичи ҳам аниқланганлиги эса барчамизни ташвишга соладиган ҳолатдир. Саратонолди касалликлари аниқланган беморлар ўз ҳудудларидаги оилавий поликлиникалар, саратон касалликлари билан оғриганлар  эса диспансер назоратига олинди.

— Мамография аппарати кўкрак бези саратонини аниқлашда муҳим ўрин тутади. Айниқса, 35 ёшдан ошган аёлларда касалликни аниқлаш имконияти 90-95 фоизни ташкил этади, — дейди диспансер врач-радиологи Баҳодир Турдиалиев. — Кўкрак бези саратони одатда оғриқсиз бўлгани боис аёллар йилда камида бир маротаба бўлса ҳам назоратдан ўтишлари лозимлигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ваҳоланки, маммографик текширувдан ўтиш бепул. Баъзи аёллар олий маълумотли, ҳатто тиббиёт ходими бўла туриб вақтида тиббий кўрикдан ўтмаганлиги, натижада саратоннинг сўнгги босқичлари аниқланиб, ортга йўл қолмаётганлиги эса фуқароларда тиббий маданиятни ошириш кераклигидан далолатдир.

Поликлиникамиз мазкур диспансер билан ҳамкорликда аёлларда сут бези саратонининг олдини олиш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, аёллар учун махсус акция ўтказилиб, 12-.15-умумтаълим мактаблари, компьютер технологиялари, педагогика, енгил саноат коллежлари ўқитувчи аёллари тўлиқ назоратдан ўтдилар.

— Диспансеримиз шаҳримиз ва атроф туманларнинг 1,5 млн.дан зиёд аҳолисига хизмат қилади, — дейди Фарғона вилоят 2-сонли онкология диспансери бош шифокори Акрамжон Тўйчибоев. — Жорий йилнинг 1-ярмида 72 нафар аёл сут бези саратони касаллиги боис назоратга олинди. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага кўп демакдир. Президентимизнинг ПҚ-2866-сонли қарорига мувофиқ 2018-2019 йилларда модернизация дастури асосида диспансеримиз ҳудудида поликлиника қурилиб, радиология бўлими ишга тушади. Нур, компьютер аппаратлари, замонавий технологиялар ўрнатилади. Президентимизнинг ушбу соҳага бўлган эътибори онкологик касалликлардан азият чекаётган фуқароларнинг саломатлигини яхшилаш, умрини узайтиришда юксак аҳамиятга эга.

Эъзозхон АҲМЕДОВА,

3-оилавий поликлиника бош шифокори, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши депутати.