Кичкинтойларимизни диареядан асрайлик!

Бизга маълумки, диарея – юқумли ошқозон-ичак касаллиги бўлиб, микроблар таъсирида юзага келади. Айниқса, бу касалликни болалар ўртасида кўп кузатиш мумкин. Бу касаллик ҳақида ва кичкинтойларимизни диареядан асраш йўллари хусусида юқумли касалликлар шифохонасининг ўткир диареялар бўлими мудири, олий тоифали шифокор, 26 йилдан бери шу соҳада хизмат қилиб келаётган мутахассис – Назирахон Тўхтабоева билан суҳбатда бўлдик.

— Бу касаллик нотўғри, бетартиб овқатланишдан келиб чиқади. Муддати ўтган, айниган озиқ-овқатларни истеъмол қилиш, ичакларда сўрилиш жараёнининг бузилиши, озиқ-овқат аллергияси, ичаклар дисбактериози каби сабаблар оқибатида юзага келади.

— Диареянинг хавфли жиҳати нимада?

— Ич кетиши натижасида организм сувсизланади ва бу билан кўплаб организмга керакли кўплаб озиқ моддалар чиқиб кетади. Бола организмида сувсизланиш ва озиқ моддаларнинг етишмовчилиги натижасида тана аъзолари фаолиятининг кескин бузилиши унинг ҳаётини хавф остига қўяди. Шунинг учун диареяда устувор вазифа – йўқотилган сув ва озиқ моддалар ўрнини вақтида тўлдириш ҳисобланади. Диарея вақтида даволанмаса ичак микрофлорасининг сурункали бузилишига олиб келади.

— Касалликнинг илк аломатлари қандай?

— Ушбу касаллик қорин оғриши, кўнгил айниши, қусиш, ичнинг қайта-қайта суюқ келиши, иситманинг кўтарилиши билан намоён бўлади. Асосан камқонлик, рахит, йод танқислиги бор бўлган болаларда касалликка мойиллик кучлироқ бўлади.

— Касаллик болага қандай йўллар орқали юқади?

— Касаллик қўзғатувчи микроблар бола организмига ювилмаган мева-сабзавотларни истеъмол қилиш натижасида, қайнатилмаган сув ичиши орқали, кир қўл билан овқат тановул қилганда, ифлос ўйинчоқларни ўйнаганида, тоза бўлмаган овқат идишлари, сифатсиз ёки узоқ вақт туриб қолган овқатларни ейиш натижасида пайдо бўлади.

— Диарея билан касалланган болага уй шароитида қандай ёрдам кўрсатилади?

— Ич кетиши ҳолати бошланиши билан сувсизланишнинг олди олиниши зарур. Бу пайтда болага одатдагидан кўпроқ миқдорда суюқлик ичириш керак. Регидрон эритмаси (қайнаган сувга озгина туз солиб истеъмол қилинса ҳам бўлади), қайнатилган сув, гуруч қайнатмаси, газланмаган минерал сув, кўк ёки новвот чой, кисель, наъматак дамламаси кабиларни суюқлик сифатида бериш тавсия этилади. Суюқликни болага оз-оздан ва тез-тез ичириш лозим. Бирдан кўп сув ичирилса, бола қайт қилиши мумкин. Бола кўкрак сути билан озиқланадиган бўлса, кўпроқ ва узоқ вақт эмизиш зарур бўлади. Лекин она ва бола диареяга чалинган вақтда парҳез қилиши муҳимдир.

Қайнатиб пиширилган ва юмшоқ пюре ҳолидаги таомлар, хўрда, қотган нон, ёғсиз парранда ва мол гўштидан тайёрланган қайнатмалар, буғда пиширилган таомлар, сувда пиширилган бўтқаларни истеъмол қилиш диарея билан касалланган бола учун фойдалидир.

— Ич кетиш ҳолатида нималарни истеъмол қилиш тақиқланади?

— Бу вақтда шарбатлар, сут, газланган минерал сув, компот, қовурилган ва дудланган таомлар, дуккакли овқатлар, ёғли гўшт ва балиқ, карам, колбаса ва пишлоқ маҳсулотлари, сутли бўтқалар, тухум, ширинликлар, мевалар, полиз маҳсулотлари, мураббо, шоколад ва ёнғоқ кабиларни болага бермаслик керак.

— Бола диареяга чалинмаслиги учун нималарга эътибор бериш зарур?

— Болани 6 ойлик бўлгунга қадар фақат она сути билан озиқлантириш зарур. Чунки она сутида бола учун энг зарур бўлган озиқ моддалар, ҳимоя омиллари мавжуд бўлиб, улар боланинг соғлом, бақувват бўлишига ёрдам беради. 6 ойлик бўлгандан кейин қўшимча овқатга ўтиб, болага ҳар гал таомни янгидан тайёрлаб бериш керак. Унинг идиш-товоқларини алоҳида сақлаб, пашшалар тегмаслиги учун устини ёпиб қўйиш керак. Фақат қайнаган сув ичириб, овқатланишдан олдин қўлларини совунлаб ювишни ёшлигидан ўргатиш лозим.

— Суҳбатингиз учун сизга раҳмат!

Нилуфар ЖАВҲАРОВА суҳбатлашди.