Маҳаллаларга кузатув камералари ўрнатилмоқда

Жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг осойишта турмушини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни “иссиқ изи”да фош этиш мақсадида Қўқон шаҳар ИИБ ташаббуси билан маҳаллаларга кузатув камералари ўрнатилмоқда.

Хусусан, 33-С.Абдулла маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган Бекбўтабек кўчасига 6 та, А.Қаҳҳор кўчасига 3 та, Мураббийлар (Қозоқ) кўчасига 3 та, Қизғалдоқ (Қирғиз) кўчасига 2 та, Навбаҳор ва Нуробод (Тожик) кўчаларига 1 донадан жами 16 дона кузатув камералари ўрнатилди. Улардан ҳозирда 11 донаси ишга туширилди. Ушбу видеокамералардан узатилган видеоёзувлар МФЙ биносига ўрнатилган монитор орқали кузатиб борилмоқда.

— Бу биз учун катта янгилик ҳамда хурсандчилик бўлди, — дей-ди 33-С.Абдулла МФЙнинг нуронийлар билан ишлаш бўйича раис ўринбосари Исмоилжон Ҳасанов. — Ўйлайманки, бу камералар маҳалла тинчлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Кузатув камеарлари орқали бир вақтнинг ўзида маҳалланинг барча кўчаларини назорат қилиш имконияти яратилган. Эндиликда жиноятлар сони кескин камаяди. Чунки, кузатув камералари жойлашган ҳудудларда фуқаролар янада ҳушёр ва сергак бўладилар.

Жамият ривожи, осо- йишта, фаровон ҳаётнинг асоси тинчликдир. Жамоат тартибини сақлашга хизмат қилувчи кузатув камераларини ўрнатиш ишлари ҳозирда 32-Қўшчинор МФЙда давом эттирилмоқда.

— Кузатув камералари шаҳар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатиляпти, — дейди  ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Сиддиқжон Қодиров. — Бу орқали вояга етмаган ёшларнинг тунда кўчада бемақсад юришлари, маҳаллаларга бегона кишиларнинг кириб-чиқиши, турли ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа жиноий хатти-ҳаракатлар содир этилиши каби ҳолатлар назоратга олинади.

Кузатув камералари Қўқон шаҳридаги барча МФЙларга ўрнатилади.

Нилуфар ЖАВҲАРОВА.