Бола азиз, тарбияси ундан азиз

Дунёда неча миллат, неча халқ бўлса, ҳаммасининг ўзига хос турмуш тарзи, ўтмиш ҳаёти ва келажаги бордир. Шу каби ўзбек халқининг ҳам ўзлигига хос ва мос урф-одатлари, турмуш тарзи, оилавий маросимлари, таълим-тарбия ва маданий анъаналари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Ўтмишсиз келажак йўқ, демакки, бугунги тарбия топаётган келажак ворислари – ёшлар буларни билиши зарурдир. Чунки ана шу анъаналар замирида ахлоқ-одоб, ота-онани ҳурматлаш, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик, ватанга муҳаббат, оилага садоқатлилик, қатъиятлилик фазилатлари шаклланиб боради. Хусусан, фарзандларимизда бундай хислатлар ривожланиб, комил инсон бўлиб етишишида оила, маҳалла, мактаб, касб-ҳунар коллежи, академик лицей, олий ўқув даргоҳлари ва меҳнат жамоасининг ўрни беқиёсдир.

Қуш уясида кўрганини қилади, деган ҳикмат жуда ўринлидир. Оилада катталар, яъни ота-оналар қанчалик хушахлоқ бўлсалар фарзандлар ҳам шунга яраша тарбия топади. Бола асосан яхши ва ёмон одатларни ўзи билмаган ҳолда оиласидан ва ўртоқларидан ўзлаштириб олади. Унга бу одатларнинг қайси бири яхши, қайси бири номақбул эканлигини биз педагоглар, маҳаллада ёши улуғ буви-боболаримиз ёки меҳнат жамоасида устозлар унинг шахсиятига тегмаган ҳолда ҳаётий мисоллар билан тушунтира олсак ва бундан шу бола табиатини озгина бўлсада яхши томонга ўзгартира олсак, унинг келажакдаги камолоти асосини мустаҳкамлаган бўламиз.

Тарбиянинг асосий мақсади ҳам шудир. Яна бир мақсади – меҳнатсеварлик бўлиб, у инсонни муҳтожликдан, зерикиб қолишдан, ахлоқий нопокликдан сақлайди. Меҳнатсеварлиги ёки касб-кори туфайли турмуши баракали бўлиб, фарзандлари, эл орасида обрўси ортади. Боланинг маънавий тарбияси ўқув даргоҳларида таълим билан бирга берилиши кераклигини яхши биламиз. Мисол учун дарс жараёнида саломлашиш, саволга ўрнидан туриб ҳурмат билан жавоб бериш, тенгдошларига нисбатан яхши муносабатда бўлиш натижасида мустақил фикрлаш даражаси сайқалланади.

Ёшларни тарбиялаш баробарида уларнинг китобга бўлган қизиқишларини орттириб бориш зарур. Китоб билим манбаи бўлиб, инсон тафаккурини чархлаб, маънавий озуқа беради. Тасаввур дунёсини кенгайтириб, сўзлашувда сўз ва ибораларни ўз ўрнида қўллашни ўргатади. Шундай экан фарзандимизнинг хушхулқ ва ширинзабон бўлишини истасак, унинг туғилган кунида ёшига мос асарлар, ҳикоялари бор китоблар совға қилсак, совға қилиб ҳамки – шу китобни ўқиб чиқиб, унга ўз фикрини билдиришни илтимос қилсак бераётган тарбиямизни янада мустаҳкамлаган бўлардик.

Китоб ўқиш орқали болада хотира ривожи, иродалилик, масъулиятлилик, ўзини тута билиш, мустақил фикрлаш сифатларини ривожлантирамиз. Фарзандларимиз эртамиз, биз уларни тарбиялашда хато қилиб қўйсак улар қоқилиши мумкин, бу эса аввало ўзимизга, оиламизга, қолаверса жамиятга ёмон таъсирини ўтказмай қолмайди. Бугунги кунимизни эмас, эртамизни яъни авлодларимиз келажагини ўйлашимиз керак. Фарзандларимиз тарбияси учун барчамиз масъулдирмиз.

Робияхон АЗИЗОВА,

енгил саноат касб-ҳунар коллежи бошланғич

 хотин-қизлар қўмитаси раиси.