“Қўқон-1912”нинг 500-голи

Ҳа, қўқонлик футболчилар Олий лига учрашувларидаги 500-голларини киритдилар. Бу 2017 йил 4 ноябрь куни Бухорода маҳаллий “Бухоро” жамоаси билан учрашувда қайд этилди.

“Қўқон-1912” жамоасининг моҳир тўпурари Мурод Холмуҳамедовнинг “Бухоро” дарвозасига киритган голи 500-гол сифатида тарихга муҳрланиб қолди. Балли Муроджон! Сен голли вазиятлардан фойдаланиш устаси ва моҳир тўпурар сифатида кўплаб голларинг билан Қўқон жамоаси ютуқларига катта ҳисса қўшиб келаётганингни ишқибозлар жуда яхши билишади ва қадрлашади. Янада кўп ва чиройли голлар уриб бизни хурсанд қилавер.

Дарвоқе, “Бухоро” – “Қўқон-1912” учрашуви ҳақида. Учрашув гарчи 2:2 ҳисобида якунланган ва қўқонликлар сафардан муҳим 1 очко олиб қайтган бўлсалар ҳам футболчиларимизнинг ифодасига ва маҳоратига, бош мураббий Н.Ҳасановнинг топ- қирлигига қойил қолишимиз керак. Зеро, икки бора ҳисобда орқада бораётиб, ҳисобни тенглаштириш ва кучли рақиб билан сафардаги ўйиндан очко олиб қайтиш мақтовга лойиқ ишдир. Демак, мавсумни юқори нотада якунлаш учун асосларимиз етарли.

Ҳамшаҳарларимиз қолган 3 ўйинни “Бунёдкор” ва “Олмалиқ” билан уйда – ўз майдонида ўтказса, сафарда эса “Сўғдиёна” билан баҳслашади.

Жамоамизга қолган ўйинларда ҳам омад ёр бўлсин, деймиз!

 М. ЙЎЛДОШЕВ,

“Қўқон садоси”нинг

футбол шарҳловчиси