Янги хайдовчилик гувохномалари топширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомотранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 116-сонли қарорига асосан 1 октябрдан юртимизда янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари жорий этилди.

Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йилнинг 1 октябридан 2020 йилга қадар давом этиб, эски намунадаги гувоҳномалар 2021 йилнинг 1 январидан ўз кучини йўқотади. Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари берилган кундан бошлаб 10 йил муддатда амалда бўлади.

– Бўлимимимизда янги намунадаги миллий гувоҳномаларни бериш бошлаб юборилди, — дейди Фарғона вилояти ИИб ЙҲХБ 1-ТРИБ инс- пектори, сержант Аброржон Исмоилов. – Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига ўтиш босқичма-босқич амалга оширилиб, 2017 йилнинг 1 октябридан 2018 йил 31 декабргача ҳайдовчининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий, 2019 йил 1 январдан 2020 йил 31 декабргача мажбурий тартибда жорий этилади.

Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш истагидаги фуқаролар туманлараро рўйхатлаш, имтиҳон олиш бўлимига ариза билан мурожаат қилишлари ва паспорт нусхаси, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва таллони, тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги маълумотнома ҳамда шахсий имтиҳон варақасини тақдим этиши лозим.

Охирги 12 ой давомида номида автомототранспорт воситаси мавжуд бўлган ёки шу давр мобайнида ишончнома асосида автомототранспорт бошқарган ҳайдовчилардан имтиҳон олинмайди. Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ва уни алмаштириш учун амалдаги энг кам иш ҳақининг 70 фоизи миқдорида давлат божи талаб этилади.

Бугунги кунга қадар бўлимда 317 нафар фуқаро янги намунадаги миллий гувоҳномани 1-маротаба олган бўлса, 135 нафар ҳайдовчи эски намунадаги гувоҳномани ўз аризасига кўра алмаштирди. Бўлимда малакали мутахассислар фаолият юритиб, бу борадаги ишларни сифатли ташкиллашга бел боғлашган.

Тўлқинжон ОРИФЖОНОВ,

Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ 1-ТРИБ бошлиғи ўринбосари, капитан.

Азизахон АҲМЕДОВА,

“Қўқон садоси” мухбири.