Фаол ёшлар сафи кенг

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қисқа вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишга қаратилган бир қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиб келяпти. Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан турли йўналишлар бўйича мақолалар танлови ташкил қилинди. Ушбу танловга республиканинг турли ҳудуларидан 335 дан ортиқ мақола йўлланди. Уларнинг мазмун-моҳияти, муаммонинг аниқ кўрсатилганлиги ва унинг ечими мавжудлиги каби жиҳатлар инобатга олинган ҳолда 148 та мақола сараланди. Ушбу мақолалар муаллифлари “Ёшлар овози” номли таҳлилий, илмий- амалий конференцияга таклиф этилдилар. Қувонарлиси, конференция қатнашчилари орасида Қўқон давлат педагогика институти мактабгача ва бошланғич таълим факультетининг бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши йўналиши 3-босқич талабаси Мадинабону Ғаниева ҳам бор.

Конференция 14-15 октябрь кунлари пойтахтда бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг 16 ёшдан 35 ёшгача бўлган энг иқтидорли ёшлари қатнашиб, тенгдошлари орасидаги муаммоларга амалий ечим изладилар. М. Ғаниева танловда “Ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш” номли мақоласи тақдимотини ўтказди.

Фикрлар беллашган ушбу конференциянинг фаол иштирокчилари  17-19 ноябрь кунлари ўтказиладиган “Ёшлар саммити Тошкент – 2017”га саралаб олинди. М. Ғаниева ушбу саммитда ҳам иштирок этди. Республика ёшлари ҳаётида муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқишда фаоллик намуналарини кўрсатди.

— Ёшлар саммити юртимиз ёшлари ҳаётида, келажагида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унда “Next generation” номли лойиҳам билан қатнашдим, — дейди М. Ғаниева. — Ушбу лойиҳа 3 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган. Шунингдек, саммитда гуруҳларга бўлинган ҳолда ишладик. Жумладан, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича мультфильм яратиш таклифини илгари сурдик ва бу тасдиқдан ўтгани барчамизни севинтирди. Саммитда тенгдошларим билан ўзаро фикр алмашиш асносида билимларимни бойитдим, бир олам таассуротлар олдим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг мазкур ташаббуси мен каби кўплаб ёшларга ўз иқтидоримизни юзага чиқаришда пойдевор бўлди.

Ёшлар саммитининг фаол иштирокчилари сертификатлар билан тақдирланди. Жумладан, Мадинабону Ғаниева ҳам фаол иштироки, кенг дунёқараши, ташаббускорлиги, лойиҳасининг асослилиги боис тақдирланди.

А. АҲМЕДОВА.