Тиллари дуодан толмас она

Kекca бўлсалар ҳам ёшдек кўринувчи, сўзлари дилга малҳам, пок дуоларини навқирон авлодга улашувчи нуронийлар маҳалла, юрт файзидирлар. Улардан ҳамма ибрат олади, ҳaваc билан боқади. Янги йилнинг илк кунида Қўқон шаҳрилик халқ тили билан айтсак, “ҳавасланарли қариган” онахонлардан бири билан суҳбат қурдик.

37-“Галабаққоллик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги файзли уй дарвозаси пайғамбар ёшли Зуҳрахон ҳожи она Юнусова таъкидлаганидек, “доимо одамлар учун очиқ”. Барча шу хонадонга интилишининг сабаби у маҳаллада аёллар масалалари бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаб, оилалар аҳиллиги учун ёшлардан ўгити, кексалардан кўмагини аямаган.

“Қўш дипломим бор, тиббиёт билим юрти ва педагогика институтининг психология бўлимини тугатганман. Шаҳар шифохонаси, 15-боқчада ишладим. 2000 йилдан буён маҳалламизда фаоллар сафидаман. Якунланган йилда энг эзгу орзуимга етдим. 5 август куни муборак Ҳаж зиёратига кетиб, 15 сентябрда қайтдик. Президентимиз қарорига кўра сафарга бепул борган фахрийлар билан қирқ кун зиёратда юрганимиз ҳеч ёддан чиқмайди. Ҳожи она бўлгач, тинчлик олий неъмат эканини теран тушуниб, тил-дилимга мўл яхши тилак, ниятлар тўлди”, — деди Зуҳрахон ая.

— Фарзандларингиз нима юмуш билан машғуллар? — деб сўрадик суҳбатдошимиздан.

— Ҳожатбарорлиги билан танилган турмуш ўртоғим Хурсанджон Юнусов автосалонда техник эди. Бевақт вафот этганида 41 ёшга ҳам кирмагандим. Шукур, фарзандларим оталаридек эл корига яровчи, саҳий, ишбилармон бўлиб улғайдилар. Тўнғич қизим Зулфияхон бoш ҳисобчи, ўғилларимдан Хуршиджон автосалонда, Хушнуджон “Боулинг”да иш бошқарувчи, кичик қизим Зиёдахон якка тартибдаги тадбиркор. Ўнта набирам иш жойида серғайрат, мактаб ва боқчада аълочи, — дея жавоб берди қаҳрамонимиз.

Зуҳрaxон Юнусованинг сиёсий билими ҳам юқори савияда. Чунончи у 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганидан қувониб, ўғилларига “энди ўзларинг бошқараётган кoрхонaларни янги технологиялар билан таъминлайсизлар, халққа кўпроқ қўшимча иш ўрни ҳам яратинглар. Янги йил аввало ёшларга янада катта имкониятлар беради”, дебди.

З.Юнусова оилаларда тиббий маданият ривожига ҳисса қўшиш, вояга етмаганлаp ўртасида жиноятларнинг олдини олиш, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муғитни соғломлаштириш учун эзгу режалар тузиб, оилалар аҳиллиги учун маҳалла хотин-қизлaридан кўмагини аямаслигига амин бўлдик.

— Вақтим бекор ўтмагани учун ҳам баракали. Алишер Навоий, Фаридиддин Аттор каби улуғ шоирларимизнинг китобларини ҳар куни ўқийман, — деди кулимсираб ҳожи она.

Оилада ўғиллар, қизлар ва келинларнинг тез-тез оналаридан хабар олиб, ўзбекона таомилга кўра дуо олишлари ҳам одат тусига кирган. Онахон фарзандларини, қолаверса ҳаммани яхши сўзлар, ажойиб дуолар билан шод қилиб, уларга миллий қадриятларимиз, камтарлик ва меҳмондўстликни тарғиб этаркан. Бу оилада жорий 2018 йил учун муродбахш “Тўғри, фаол ва аҳил яшайлик”, шиори танланибди. Шундан фаол яшашга урғу берадиган бўлсак, бу ўзини эмас, ўзгаларни ҳам ўйлаш, янгиликларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳаммага намуна бўлиш деганидир. Тилагимиз, шу шиордан Янги йилда барча оилалар, айниқса, ёшлар илҳомланишсин.

Жаҳонгир МИРЗО.