“Қўқон-1912” футболчилари тақдирланди

Ҳар йили футбол мавсуми якунлангач жамоа аъзоларини тақдирлаш маросими ўтказилади. Ана шу анъанага кўра 28 декабрь куни “Қўқон-1912” жамоасини тақдирлаш кечаси бўлиб ўтди. Маросимга Ўзбекистон Футбол федерацияси вакиллари, жамоа ҳомийлари, футбол фахрийлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кўп сонли меҳмонлар тўпландилар.

Аввало шуни таъкидлаш лозимки, қўқонлик футболчилар 2017 йилги мавсумни анча муваффақиятли ўтказдилар. 3 нафар футболчи Ўзбекистоннинг турли терма жамоаларига жалб этилди. Ярим ҳимоячи Жавоҳир Сиддиқов Таиландда ташкил этилган турнирнинг ҳам ғолиби, ҳам энг яхши футболчиси, деб эълон қилинди. Ҳужумчи Суҳроб Бердиев эса чемпионат ўйинларида 11 та тўп уриб, энг яхши тўпурарга айланди.

“Қўқон-1912”нинг ёшлари эса ёшлар лигасида 3-ўринни эгаллаб, кичик бронза медаллари билан тақдирландилар.

Йил якунлари чиқарилганда Қўқон жамоаси энг интизомли жамоа ва энг интизомли ишқибозлар фан клубига бериладиган 2 та совринга сазовор бўлди.

Қўқон футбол клубининг раҳбари ва футбол федерациясининг вице-президенти Бахтиёржон Толипов тўпланганларга ана шулар ҳақида фахр ва ифтихор билан сўзлаб берди ва катта мониторда қўқонлик футболчиларнинг энг қизиқарли ўйинларидан лавҳалар намойиш этилди.

Мукофот ва совринларни федерация ходимлари, ҳомийлар, футбол фахрийси Ахбор Имомхўжаевлар топширишди. Йилнинг энг яхши футболчиси, деб Муроджон Холмуҳаммедов топилди. Йилнинг энг фойдали футболчиси, деб Жавоҳир Сиддиқов топилди, энг яхши тўпурарга бериладиган совға эса Суҳроб Бердиевга насиб этди.

Футболимиз фахрийси Ахбор Имомхўжаев “Қўқон-1912”нинг фахрий аъзолигига қабул қилинди ва унга махсус эсдалик совғаси берилди.

М. ЙЎЛДОШЕВ