Оиламиз бутун бўлишини хоҳлайман

“Мен туризм ва сервис КҲКда ўқийман. Дадам 2012 йилда ишлаш учун кетяпман, деб уйдан чиқиб кетганча қайтиб келмади. Аям ҳам чет давлатда ишлайди. 4-синфда ўқийдиган укам билан тоғамнинг уйида яшаймиз. Аниғини билмайман, дадам қандайдир тўловларни тўлай олмасдан, ўзга юртда яшириниб юрган экан. Ота-онаси ёнида, оиласи бутун тенгдошларимни кўрсам ҳавасим келади. Мен ҳам уларга ўхшаб ғам-ташвишсиз яшагим келади, оиламиз жамулжам бўлишини хоҳлайман. Сирдошим ҳам, дарддошим ҳам 10 ёшли укам. Мен ҳам ота-онамга эркалик қилгим, сирлашгим келади. Ота-она тирик бўла туриб уларсиз яшаш жуда оғир экан. Дадам билан 2 йил олдин телефон орқали гаплашганман. Энди телефон қилишса, ҳукуматимиз кечиришини айтиб, бағримизга қайтишини сўрайман!” дейди Н.Кимсанова қидирувдагиларнинг оила аъзолари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда.

Кечиримлилик, раҳмдиллик, бағрикенглик каби фазилатлар ўзбек халқига хосдир. Конституциямизнинг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкум, яъни қонунга риоя  қилмаган, турли жиноятларни содир этган, бироқ нотўғри йўлда эканини тушуниб етиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган шахсларнинг афв этилиши ушбу сўзларнинг амалдаги ифодасидир.

Шаҳар 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида жиноят содир этгач, тергов ва суд органларидан яшириниб юрган, яъни қидирув эълон қилинган шахсларнинг яқин қариндошлари билан бўлиб ўтган учрашувда Президентимиз томонидан имзоланган афв этиш тўғрисидаги Фармон мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Унда Қўқон шаҳар прокурори ўринбосари М.Назаров, шаҳар жиноят суди судьяси Ш.Эшматов, ИИБ тергов бўлими бошлиғи Б.Калонов, ИИБ тергов бўлинмаси бошлиғи Э.Маматқулов, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари ва ОАВлар ходимлари иштирок этдилар.

Мажлисда М.Назаров, Э.Маматқуловлар томонидан қидирувдаги шахс агарда республикамиз ҳудудидан ташқарида яширинган бўлса, ҳеч қандай тўсқинликларсиз юртимизга қайтиши, фуқаролик паспорти йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтган бўлса, консуллик элчихоналаридан ватанга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириб беришда амалий ёрдам кўрсатилиши айтиб ўтилди.

— Авф этиш учун албатта чин кўнгилдан пушаймонлиги ҳисобга олинади, — дейди шаҳар прокурори ўринбосари М.Назаров. — Шунингдек, оилавий, моддий аҳволи инобатга олиниб, етказилган моддий зарар қопланган тақдирда озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмайди. Мақсад – адашиб, нотўғри йўлга кирган шахсларга енгиллик бериш, сарсон-саргардонликда, ўзга юртларда яшириниб юрган шахсларни ватанга,  оила аъзолари бағрига қайтаришдир.
Йиғилишда фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тингланди.
Шунингдек, бу мазмундаги тадбир енгил саноат КҲКда ҳам ўтказилди. Унда 1-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раис ва маслаҳатчилари, қидирувдаги шахсларнинг яқинлари иштирок этдилар.
Йиғилганлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ва керакли йўл-йўриқ, маслаҳатларни олдилар.

Нилуфар ЖАВҲАРОВА, “Қўқон садоси” мухбири.