Ўзбекистон футболчилари – осиё чемпиони

Хитой майдонларида қарийб 20 кун давом этган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати Ўзбекистонлик футболчиларнинг ғалабаси билан ниҳоясига етди. Саралаш ўйинларида “А” гуруҳидан ўрин олган вакилларимиз майдон эгаси – хитойлик ва уммонлик тенгқурларини енгиб, 2-ўрин билан чорак финалга чиқдилар. Уларни бу босқичда анчайин жиддий рақиб – Япония термаси кутиб турарди. Йигитлар зўр ғайрат ва матонат кўрсатиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Ярим финалда эса Ўзбекистон термасига Жанубий Корея футболчилари рақиб бўлишди. Осон кечмаган баҳсда ҳам ҳамюртларимизнинг қўли баланд келди – ҳисоб 4:1. Ўзбекистон фойдасига! Ана шу ғалаба жамоамизни финалга олиб чиқди.

“Д” гуруҳида катта шов-шув кўтариб, ҳаммани ҳайратлантирган Вьетнам термаси бизнинг финалдаги рақибимизга айланди. Аксига олиб финал ўтказиладиган 27 январь куни Хитойда жуда катта қор ёғди. Қор билан қопланган майдонда тўп суриш осон эмасди, албатта. Ўйин давомида кийимларни ҳам, тўпни ҳам алмаштиришга тўғри келди. Вьетнамлик футболчи-ўсмирлар осонликча ўйинни бой бермоқчи эмасдилар, албатта. Қорли ҳавода, муз қоплаган майдонда кескин кураш кечди. Тўрт тайм давом этган ўша қийин учрашувда ўзбек йигитлари ҳақиқий матонат ва ирода кўрсатдилар. Ўйиннинг сўнгги сониялари ўтиб бераётганда майдонга туширилган қўқонлик футболчи – Андрей Сидоров Вьетнам дарвозасига иккинчи тўпни киритиб, Ўзбекистон учун жуда муҳим ва тарихий ғалабани олиб берди. Ўзбекистонлик футболчилар учинчи уринишда Осиё чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилдилар. Бу – ўзбек футболи тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйишга арзигулик воқеа бўлди.

Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон термаси таркибида 3 нафар қўқонлик футболчилар – “Қўқон-1912” жамоаси аъзолари бўлганлиги эса ҳар бир ҳамшаҳаримиз қалбида фахр ва ғурур туйғусини уйғотади, албатта. Футболчилардан Жавоҳир Сиддиқов чемпионат ўйинларида ўз ўйинлари билан тилга тушди, чемпионатнинг энг яхши ўйинчиларидан бири, деб тан олинди. Унинг ақлли ўйини ва тўп оширишлари ҳар бир учрашувга алоҳида файз қўшди, десак хато бўлмайди.

Шунингдек, чемпионатнинг олтин медалларига сазовор бўлган ҳимоячи Ойбек Рустамов ва ҳужумчи Андрей Сидоровлар ҳам бу ғалабага катта ҳисса қўшдилар. Эндиликда “Қўқон-1912” таркибида 3 нафар Осиё чемпиони тўп суриши ишқибозларни Марказий ўйингоҳга янада ошиқтиради. Демак, Қўқондаги бўлажак ҳар бир ўйин байрамга айланиб кетса ажаб эмас.
Кўп минг сонли қўқонлик футбол ишқибозлари Осиё чемпиони бўлган барча футболчиларни, мураббийларни, федерация раҳбариятини табриклайдилар. Ўзбек футболининг ғолибона юриши давом этаверсин, Қўқондан янги-янги юлдузлар етишиб чиқаверсин, деймиз.

Мўйдинжон ЙЎЛДОШЕВ, “Қўқон садоси”нинг футбол шарҳловчиси.

Анваржон ОХУНОВ, Қўқон Марказий ўйингоҳи суҳандони