Фармон ижроси хотин-қизлар манфаатига хизмат қилади

Президентимиз томонидан қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон аёл зотини эъзозлаш, асраб-авайлаш, қадрлаш тамойилларини янги босқичга олиб чиқди. Айни шу йўналиш юзасидан жорий қилинган йўл харитасида вилоятда амалга ошириладиган ишлар, уларнинг механизмлари аниқ ва пухта белгилаб берилди.
5 та йўналиш, 29 бандни ўз ичига олган йўл харитасининг дастлабки бўлими “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш” деб номланади. Унда юқоридаги Фармон мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, маҳаллий хотин-қизлар қўмитасида лавозимга тайинлаш ишларини ташкил этиш, уларнинг тузилмаларини қайта кўриб чиқиш вазифалари белгиланди. Жумладан, шаҳримизга 2 та янги штат бирликлари жорий этилди. Эндиликда маҳаллаларда диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маҳалла маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимларига муносиб кадрлар тайинланяпти.
Йўл харитасида, шунингдек, ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш ва бошқа асосий фаолият йўналишлари бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилганлигини инобатга олган ҳолда, вилоят, туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси раисларига ФҲДЁ органлари фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш вазифаси юклатилди.

Харитада хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолганлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш йўналиши ҳам ишлаб чиқилди.
Унга кўра, шаҳар, туман хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” жамоат фонди билан ҳамкорликда 4 та сектор аъзоларига ушбу тоифадаги оилалардаги мавжуд муаммоларнинг ечимини излаш топширилди. Ногиронлиги белгиланган хотин-қизларнинг оилавий шароитлари ва муҳтожлик даражаларини ўрганиб чиқиш ва уларга тиббий, психологик, ҳуқуқий ҳамда моддий ёрдам бериш ишлари ташкил этилади. Жумладан, Қўқон шаҳрида 2214 нафар имконияти чекланган хотин-қизлар истиқомат қилаётгани аниқланган. Уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий воситалар билан таъминлаш, маиший техника воситаларини етказиб бериш, манзилли кўмак бериш учун маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари йўналтирилади.

Шунингдек, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни илм эгаллашга, касб-ҳунар сирларини ўрганишга йўналтириш, эрта турмушнинг олдини олиш, оилалар тинчлигини асраш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган аёлларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш каби устувор йўналишлар ҳам белгиланган.
Шаҳримизда ҳам бу асосда амалий ишлар олиб борилмоқда. Албатта, бундай чора-тадбирлар хотин-қизлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Гулнорахон МУРТАЗАЕВА ,
15-мактабнинг бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси.