Мувофиқлик сертификати – сифат гарови

Ўзстандарт агентлиги томонидан олиб борилаётган техник сиёсатнинг муҳим йўналишлари қаторига маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш миллий тизимининг ривожланиши ва янада такомиллаштирилиши киради. Бу борада, айниқса ҳозирги даврда агентлик тарафидан муҳим ишлар бажарилмоқда ва амалиётга татбиқ этилмоқда. Ишлаб чиқарувчи субъектларга, шу жумладан тадбиркорларга янгидан-янги қулайликлар ва имкониятлар яратиляпти.
Қўқон синов ва сертификатлаштириш  марказимизда  сертификатлаштириш  соҳасидаги фаолиятимиз давомида шаҳримиз ва атроф туманлар тадбиркорлик субъектларига маҳсулот ва кўрсатадиган хизматлар сифатини кўтариш, мамлакатимиз ички бозорини сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, сифатсиз маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш масалалари муваффақиятли ечилишига ўз ҳиссамизни қўшишга интиляпмиз. Ҳозирги кунда 240 тадан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва 170 тага яқин экспорт фаолиятини юритаётган ташкилот ва кичик фирмаларга сертификатлаштириш хизматларини кўрсатмоқдамиз. Қўқон шаҳри ва атроф туман ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорларига янада кенг қулайликлар яратиш мақсадида ўз ваколатимиз доирасини 72 турдаги халқаро стандартларга кенгайтирдик. Бу, ўз навбатида, экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг чет давлатларда тан олинишига хизмат қилади.

Бу каби амалий ишларнинг ўз вақтида бажарилиши бир томондан тадбиркорларнинг вақтлари ва маблағини тежаш имконини берса, иккинчи томондан маҳсулотларни объектив баҳолаш ва сертификатлаштириш идораларининг рақобат муҳитида ишлашларига шароит яратади.
Ҳозирги кунда, тадбиркорларимиз фаолиятида маҳсулотларни сертификатлаштириш билан боғлиқ бўлган масалалар ечилиб борилмоқда ҳамда улар билан янада яқин ҳамкорликда ишлаш тадбирлари кўрилмоқда.
Ишончимиз комилки, ҳукуматимиз томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни бажаришга имкониятимиз, салоҳиятимиз ва кучимиз етади.

И.ХОДЖАЕВ,
Қўқон синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси раҳбари.