Олийгоҳларнинг бакалавриатига қабул бошланди. Қандай янгиликлар бор?

Жорий йилда олий таълимга қабул тизимида бир қатор янгиликлар мавжуд. Жумладан, абитуриентлар ҳужжатлари 16 июндан 15 июлга қадар қабул қилинади.
Абитуриентлар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари керак:
ОТМ ректори номига ариза;
Ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;
086-U – шакл бўйича тиббий маълумотнома;
Паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома) нусхаси;
3,5х4,5 см. ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
Меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма ва ишлаб турган соҳасидан тавсиянома (махсус сиртқи бўлим абитуриентлари учун).
Шунингдек, айрим абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни ҳам тақдим этишлари зарур:
тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатларни;
танловдан ташқари ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлган халқаро ва республика олимпиадалари, танлов ва мусобақалар ғолиблари тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаларини;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномаси асл нусхасини топширадилар.

ОТМларнинг бакалавриатига 2018/2019 ўқув йилида умумий қабул квотаси деярли 8500 нафарга ортди – яъни, ўтган йили бу кўрсаткич 78701 тани ташкил этган бўлса, бу йил 87165 (давлат гранти бўйича – 19240, шартнома асосида – 67925) нафар абитуриент талабалик бахтига эришиши кутиляпти.

Қўқон давлат педагогика институтининг бакалаврлар тайёрлаш бўйича 22 та таълим йўналиши учун қабул кўрсаткичлари 1520 (давлат гранти бўйича – 415, шартнома асосида – 1105) тани, махсус сиртқи бўлимда эса 8 та йўналиш бўйича 750 тани ташкил этмоқда.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиалида бу йил 5 та таълим йўналиши бўйича қабул квоталари тасдиқланди. Яъни,  “Режиссёрлик: мусиқали театр режиссёрлиги”, “Актёрлик санъати: мусиқали театр актёрлиги”, “Халқ ижодиёти: ашула ва рақс”, “Халқ ижодиёти: чолғу ижрочилиги”, “Ахборот-кутубхона фаолияти: кутубхоначилик ва библиография” йўналишлари бўйича жами 70 та (давлат гранти бўйича – 17, шартнома асосида – 53) қабул квотаси белгиланган.

Бу йили 22 та ОТМда махсус сиртқи бўлимлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга 11765 (давлат гранти бўйича – 15, шартнома асосида – 11750) нафар талаба қабул қилинади. Жумладан, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали – 100, Тошкент давлат педагогика университети – 1 120 (Тошкент шаҳар – 810, Термиз филали – 310), Андижон давлат университети – 750,  Бухоро давлат университети – 720, Гулистон давлат университети – 600, Қарши давлат университети – 690, Наманган давлат университети – 750, Самарқанд давлат университети – 750, Термиз давлат университети – 960 (Термиз шаҳар – 660, Денов филиали – 300), Фарғона давлат университети – 690, Урганч давлат университети – 690, Навоий давлат педагогика институти – 600, Нукус давлат педагогика институти – 750, Жиззах давлат педагогика институти – 750, Қўқон давлат педагогика институти – 750, Чирчиқ давлат педагогика институти – 690, Тошкент давлат аграр университети – 25, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти – 50, Тошкент ахборот технологиялари университети – 100 (15таси давлат гранти асосида), Тошкент темир йўл муҳандислари институти – 90, Навоий давлат кончилик институти – 90, Миллий рақс ва хореография олий мактаби – 50 нафар талабани махсус сиртқи бўлимга қабул қилади. Махсус бўлимга фақат ўрта махсус касб-ҳунар таълимига ва 3 йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга шахслар тест асосида қабул қилинади.

Бу йил янги олий таълим муассасалари ҳам ташкил этилди. Яъни, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм университети, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилди. Президентимизнинг 2018-2019 ўқув йилида мамлакатимиз олий ўқув юртлариша кириш учун қабул квоталарини тасдиқлаш бўйича қабул қилган қарорига асосан Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалига “Тиббий-профилактика ишлари” йўналиши бўйича ҳам талабалар қабул қилинади. Шунингдек, бакалавр йўналишида 16 та (жумладан, бизнес-информатика, ёритиш техникаси, биотиббий физика ва бошқалар) йўналиш ҳамда мутахассисликлар жорий этилади.

Бу йил тест синовларини ўтказиш тартиби ҳам ўзгарди. Имтиҳонлар кундузги, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шакли учун ҳар йили 1 августдан 15 августгача бўлган муддатда, қоида тариқасида, кунига икки сменада ўтказилади. Биринчи смена соат 08:00 да, иккинчи смена соат 15:00 да бошланади. Тест синовлари ОТМларнинг биноларида ўтказилмайди. Жумладан, вилоятимиз олийгоҳларига ҳужжат топширган абитуриентлар Фарғона давлат университети спорт мажмуасидаги кўчма павильон, Фарғона олимпиа захиралари коллежи ҳамда “Нефтчи” футбол клуби тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида имтиҳондан ўтадилар.

Илгарилари ҳар бир фан учун 36 тадан тест саволлари белгиланар эди. Бу йил уларнинг сони 30 тадан этиб белгиланди. 30 та тест топшириғига 1 соат, 60 та тест топшириғига 2 соат, 90 та тест топшириғига 3 соат вақт белгиланади. Бунда эътибор бериш керакки, бу вақт жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга берилмоқда.

Ижодкорлик ва индивидуал маҳоратни талаб этадиган маданият, санъат, дизайн, тасвирий ва амалий санъат, санъатшунослик, мусиқий таълим, спорт ва жисмоний тарбия соҳасидаги таълим йўналишларига қабул кириш тест синовларисиз, ижодий имтиҳонлар асосида амалга оширилади;

Тест синови натижалари ўтказилган куннинг эртасига давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва олий таълим муассасаларига етказилади;

Президентнинг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилдан мактабгача таълим йўналиши талабалари бакалавриатда 3 йил ўқийди.

Илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентларга тегишли фанлардан белгиланган энг юқори балл бериш ва ушбу фанлар тест синовидан озод қилиш тартибини ишлаб чиқилади.

Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган шахслар белгиланган мезонлар бўйича қўшимча квоталар асосида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Шунингдек, жорий ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг тавсияномаларига эга ҳамда “Мард ўғлон” танлови ғолиблари ҳам олийгоҳларга имтиёзли қабул қилинади.

Азизахон АҲМЕДОВА тайёрлади.