“Қўқон-1912” жамоаси аъзоси “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 ноябрдаги ПҚ-3402 сонли қарори асосида ўқишдаги муваффақиятлари, ижтимоий фаоллиги ва истеъдоди билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли йигитларга фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт, санъат, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат соҳаларида ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги фаолиятида эришган алоҳида ютуқлари учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилган эди. Юртбошимизнинг 2018 йил 28 июндаги “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 30 июнь – Ёшлар куни арафасида ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Айтиш керакки, мазкур мукофот соҳиблари энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирландилар. Шунингдек, имтиҳонсиз бюджет асосида олийгоҳларнинг бакалавриат ва магистратура босқичларига имтиёзли кириш ҳуқуқига эга бўлишди.  Қувонарлиси, ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган ёшлар орасида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионлигини қўлга киритган  “Қўқон-1912” профессионал футбол клубининг 21 ёшли футболчиси Ойбек Рустамов ҳам бор.
Ойбек Учкўприк туманида туғилган. У тумандаги 33-умумтаълим мактабида ўқиб, 5-синфдан бошлаб Учкўприк болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг футбол гуруҳи мураббийи Самандар Мелибоевдан ушбу спорт сирларини ўрганди. Ҳамиша мураббийининг ишончини оқлаб келган қаҳрамонимиз 2012 йилда Шайхонтоҳур туманидаги транспорт коллежига ўқишга кирди, футбол машғулотларини Тошкентдаги “Спартак” клубида давом эттирди.
2015 йилда “Қўқон-1912” клубининг ўринбосарлари таркибига қабул қилинди. О. Рустамов тез орада мухлислар меҳрини қозониш билан бирга жамоанинг етакчиларидан бирига айланди.

2016 йил ёш футболчи “Қўқон-1912” жамоаси сафида Олий лигада дебют учрашувини ўтказди. Ўшанда у 19 ёшда эди. Айнан кучлилар сафидаги ўйинлари орқали Ойбек Рустамов Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг ўша пайтдаги мураббийи Жасур Абдураимовнинг назарига тушди ва тез орада ёшлар терма жамоаси билан бирга Осиё чемпионатида иштирок этди.

Ўзбек футболида ўчмас из қолдирган ҳодиса – 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган терма жамоамиз Осиё чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди. Чемпион футболчиларимиз муносиб тақдирланиб, уларнинг ҳар бирига Юртбошимизнинг совғаси – “Малибу” автомашиналари топширилди. Эътироф этиш керакки, Президентимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлган футболчилар қаторида Ойбек Рустамов ҳам бор эди.

Президентимиз томонидан “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилгани, унинг илк совриндорлари қаторида умидли футболчимиз Ойбек Рустамовнинг ҳам борлиги бутун вилоятимиз аҳлини дилдан севинтиргани рост. Албатта, қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам бундай эътибордан чексиз мамнун.

— Ушбу мукофот менга янада катта масъулият юклайди, — дейди “Қўқон-1912” футбол клуби аъзоси Ойбек Рустамов. — Зеро, бу оддий мукофот эмас. Бу Юртбошимизнинг ишончи демакдир. Ушбу мукофот билан тақдирланишимда футболдаги биринчи устозларим Самандар Мелибоев, Миразиз Мираҳмедов, Жамол Раҳматулллаев ва бугунгача менга катта маҳорат мактабини ўтаб берган мураббийларим, “Қўқон-1912” футбол жамоасининг хизматлари беқиёс. Уларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.
А.АҲМЕДОВА.