“Азизтепа” обод маҳаллага айланяпти

Маҳалламизда 4645 нафар аҳоли истиқомат қилади. Меҳржон мавзесида 15 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, ушбу ҳудуд “Обод маҳалла” дастурига киритилди. Дастур асосида мавзенинг коммуникация тармоқларидан тортиб, том, фасад қисмларигача янгиланиши, ободонлаштириш ишлари олиб борилаётгани, ноқонуний қурилмаларнинг олиб ташланаётгани маҳалламизнинг янада обод ва кўркам бўлишини таъминлайди.
“Обод маҳалла” дастури бўйича ишларни ташкиллаш мақсадида шаҳримиз ҳокими Маъруфжон Усмонов маҳалламизга, жумладан, Меҳржон мавзесига ташриф буюрди. Шаҳримиз ҳокими фуқароларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатларини тинглади, муаммоларига ечим излади. Шу кунги ташриф чин маънода сайёр қабулга айланди. Тегишли ташкилот раҳбарларига фуқароларнинг муаммолари бўйича топшириқлар берилди. Бу эса аҳолимизнинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Юртбошимиз бошчилигида маҳалламизга мана шундай юксак эътибор қаратилаётганидан бениҳоя мамнунмиз.

Иброҳимжон ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Азизтепа” МФЙ раиси.