Ёш китобхонларнинг мутолаа маданияти синовдан ўтди

Президентимиз ташаббуси билан асос солинган “Ёш китобхон” кўрик-танлови кўпларнинг эътирофига сазовор бўлди. Қувонарлиси, Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган мазкур танловнинг илк ғолиблари сафида ҚДПИ талабаси Шарофат Исмоилова ҳам бор. У китобхонлик борасида ўзининг юксак маданиятини намоён этиб, “Президент совғаси” соҳибасига айланди. Эътироф этиш керакки, бугун Шарофатга ҳавас қилувчи ҳамшаҳар ёшларимиз кўпчиликни ташкил этмоқда. Буни “Ёш китобхон” танловининг 20-30 ёшлилар ўртасида бўлиб ўтган шаҳар босқичи мисолида ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгашига “Ёш китобхон” танловида иштирок этиш мақсадида 20-30 ёш тоифасидаги талабалар, уюшмаган ёшлар вакиллари, ҳарбийлардан 90 га яқин ариза келиб тушди.
ҚДПИ ахборот-ресурс марказида бўлиб ўтган танловда улар ўзбек ва жаҳон адабиёти, буюк адибларимиз ҳаёти ҳамда ижодига оид 50 та тест саволига онлайн тарзда жавоб беришди.

— Институтимизда китобхонлик маданиятига катта эътибор қаратилади. Албатта, бу борада Президентимиз томонидан имзоланган тегишли ҳужжатлар муҳим дасуриламал бўлмоқда, — дейди ҚДПИ талабаси Зарина Ўришова. — Яқинда Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романини ўқиб тугатдим. Мутолаа завқини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Бугунги танлов ҳам бизларнинг китобхонлик маданиятимизни янада юксалтиришга хизмат қилади. Ниятим ушбу танловнинг барча босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, “Президент совғаси”га эга бўлиш.

Танлов 10 ёшдан 14 ёшгача, 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ҳам шу тарзда бўлиб ўтмоқда. 86 дан юқори балл тўплаган ёшлар танловнинг кейинги босқичига йўл олишади.

А.АҲМЕДОВА.