Аҳоли муаммоларига самарали ечим топиш – эътиборда

Президентимиз томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, шунингдек халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, аҳоли томонидан кўтарилаётган муаммоларни секторларга бўлган ҳолда ҳал этиш юзасидан қабул қилинган қарорлар ижобий самара бермоқда. 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли Президент қарори ижроси асносида шаҳардаги мавжуд 65 та маҳалла фуқаролар йиғинлари чегаралари аниқ кўрсатилган ҳолда 4 та сектор раҳбарига бириктириб берилди. ҳар бир секторда 28 та турли идоралар вакилларидан иборат жами 112 нафар ходимнинг доимий фаолият олиб бориши йўлга қўйилди.

Иккинчи сектор штаби шаҳримиздаги 34-“Марғилон дарвозаси” МФЙда жойлашган бўлиб, барча зарур буюмлар, ахборот стендлари ва тезкор маълумотлар жилдлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан кўчирмалар мавжуд.
Секторимиздаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 9541 та хонадонда 52835 нафар аҳоли яшайди. Айни пайтга қадар уйма-уй юриш орқали 8550 та хонадон ўрганилиб, 3467 та турли муаммо аниқланди. 2520 та ҳолатда муаммо ижобий ҳал этилди. 947 та муаммо йўл харитасига киритилиб, ҳал этиш чора-тадбирлари кўриляпти.

8 та маҳалла фуқаролар йиғинида моддий-техник базасини яхшилашга муҳтожлик аниқланди. Аҳолининг ижтимоий муҳофазаси соҳасида ҳам қатор муаммолар ўрганиб чиқилди. 6214 нафар пенсионер ва нафақахўрлар мавжуд бўлиб, уларнинг 31 нафарига манзилли ёрдам кўрсатилди. Ҳудудимизда 34 нафар якка-ёлғиз яшовчи фуқаро бўлиб, уларнинг ҳар бирига доимий эътибор кўрсатиляпти.
Маълумот ўрнида: 2-секторга Исфара гузари,
Қаймоқли гузар, Мисгарлик, Калвак гузари,
Шайхон, Ғалчасой, Артизон бўйи, Булоқбоши,
Қўшчинор, Марғилон дарвозаси, Тўхлимерган,
Ат-Термизий, Ўрмонбоғ, Муқимий, Шикорбеги
МФЙлари киради. Тел: 5543531.

Ҳақиқий эҳтиёжманд оилаларнинг моддий ҳолатини ўнглаш, турмуш шароитини яхшилаш чоралари кўрилиб, 17 та оиланинг эҳтиёжманд хонадонлар сафидан чиқарилишига эришилди.

Шунингдек, вояга етмаганлар ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш ҳам диққат марказимизда. Шаҳримиздаги Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 142 нафар болаларнинг яшаш, таълим-тарбия олиш шарт-шароитлари доимий эътиборда.
Жорий йилнинг ўтган даврида 11 нафар фуқарога протез-ортопедия ва ногиронлик аравачаси етказиб берилиб, уларнинг ҳаёт тарзларини енгиллаштиришга ёрдам берилди. 10 нафар фуқарога тиббий ускуна ва восита тақдим этилди.

Аҳолининг бандлигини таъминлаш, ишсизларнинг самарали меҳнат билан шуғулланишларига кўмаклашиш биринчи навбатдаги вазифаларимиздан. 350 нафар фуқаро ишсиз сифатида рўйхатга олинган бўлиб, айни пайтда улардан 204 нафарини шаҳримиздаги бўш иш ўринларига ишга жойладик.
Ҳудудларимизда тинчлик-осойишталикни барқарорлаштириш мақсадида кузатув камералари ўрнатиш ишлари амалга ошириляпти. Айни пайтда 96 та кузатув камераси ўрнатилиб, назорат ишларида фойдаланиляпти.

Фуқароларнинг энг кўп шикояти коммунал хизмат идоралари, айниқса электр таъминоти юзасидан бўлаётганини инобатга олиб, таъмирталаб трасформаторлар ҳисоблаб чиқилди ва жами 76 та эскирган электр қурилма таъмирланди. Коммунал соҳага оид 594 та мурожаатдан 531 таси қаноатлантирилди. Газ таъминотидаги 294 та муаммодан 290 таси ижобий ҳал этилди. Ичимлик суви таъмтиноти билан боғлиқ 169 та муаммодан 137 таси ҳал этилишига эришилди. 14 та кўп қаватли уй таъмирланди.
Бундан ташқари сектор ҳудудида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналишидаги ишлар ҳам фаолиятимиз асосини ташкил этмоқда. 45 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 72 та фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектининг 64 таси фаолияти қайта йўлга қўйилди. Шу асосда 183 та янги иш ўрни яратилди. 22245 млн. сўмлик инвестиция жалб этилишига эришилди. 61 та чакана ва пулли хизмат кўрсатиш субъекти тўлов терминали билан таъминланмагани аниқланиб, 40 тасига терминал ўрнатилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 245 та янги тадбиркорлик субъекти  ташкил этилиб, 315 та иш ўрни яратилди. Бу ҳам бўлса ишсиз аҳолининг манфаатларини ўйлаб қилинаётган сайъ-ҳаракатларимиздандир.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. 2018 йилнинг 6 ойида 46 та жиноят содир этилганлиги, ҳудудимизда 54 нафар шахс қидирувда эканлиги бу йўналишдаги ишларимизни янада чуқурлаштириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, бу ишларга кенг жамоатчиликни жалб этишни тақозо қилади. Энг ёмони 6 та ҳолатда хотин-қизлар томонидан, 6 та вазиятда вояга етмаганлар томонидан жиноятлар содир этилди. Шу боисдан профилактик тадбирлар ўтказишни янада кўпайтиряпмиз. Ёшларни тўгаракларга жалб этиш, улар орасида тарғибот ишларини кучайтиришга эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, 201 нафар диний экстремистик оқимга аъзо сифатида рўйхатда турувчи фуқаро билан суҳбатлар ўтказдик.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тинглаш ишларининг мунтазам йўлга қўйилганлиги ҳам секторимиз ҳудудидаги аҳолига катта қулайлик бўляпти. 430 нафар шахснинг мурожаатларини тинглаб, 315 та муаммо ҳал этилди. 29 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, 637 та фуқаро қабул қилинди. Сайёр қабуллар жараёнида янги қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, муаммоларини тегишли ташкилотлар мутасаддиларини жалб этган ҳолда жойида ўрганиш ва ҳал этишга алоҳида аҳамият беряпмиз.

Зиммамиздаги вазифалар ижросини сифатли таъминлаш бўйича олдимизда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Ўз олдимизга қўйган барча режалар, “Йўл харита”мизга киритилган масалаларни тизимли ҳал этиб бориш асосий мақсадимиздир.

Шамсиддин ТУРДАЛИЕВ, Қўқон шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари.