Масъулият ва жавобгарлик ҳисси – бош мезон

Маълумки, шаҳар ҳокими, прокурор, ички ишлар бошқармаси, солиқ хизмати бошлиқлари раҳбарлигидаги секторлар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу секторларга аҳолининг энг муҳим масала ва муаммоларини ечиш юзасидан кенг ваколатлар берилди, масъулият ва жавобгарлик оширилди. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шаҳримизда ҳам бу соҳалардаги ишлар самараси яққол кўзга ташланмоқда.
Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун юртимизда қулай шарт-шароитлар яратиляпти. Президентимизнинг жорий йил 7 июндаги қарорига кўра, ҳудудларда аҳолининг моддий шароитини тубдан яхшилаш, турмуш сифати  ва даражасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу дастурда белгиланган вазифалар, тадбиркорликни йўлга қўйиш, фаолиятни кенгайтириш учун кредит олиш тартибларини аҳолига тушунтирмоқдамиз. Шаҳардаги ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятлари ўрганиляпти. Хонадон эгаларига керакли тавсия, маслаҳатлар бериляпти, кредит олиш тартиблари айтилмоқда.
3-секторга бириктирилган Асака банк Қўқон филиалимиз томонидан 21 нафар фуқарога кредитлар ажратилиб, тадбиркорликни йўлга қўйишларига кўмаклашилди. Хусусан, 20-Ғишткўприк МФЙ фуқароси Малоҳат Ўктамова, 5-Вақф чорсу МФЙда яшовчи Роҳила Бозорқулова, Гулноза Муҳаммаджонова, Муслима Сотволдиевалар кредит олиб, тикувчилик цехи очишди. 10-Ёғ бозори МФЙда истиқомат қилувчи Қаҳрамон Усмонов, шунингдек, Зилола Рустамова, Шавкатжон Ҳусановлар компьютер хизмати кўрсатишни йўлга қўйдилар.  Бундан ташқари бир неча фуқаролар чорвачилик, сут маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик йўналишларида ўз фаолиятларини бошладилар.
Қудуқлик маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Илҳомжон Кимсанбоев   диний экстремизм билан айбланиб, яқинда авф қилинди.  У ҳозирги кунда кредит олиб новвойчилик билан шуғулланяпти.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат, бизни кечириб, шунчалик имкониятлар яратиб  бермоқда, – дейди Илҳомжон ака. — Банкдан 17 миллион сўм маблағ олиб, новвойчиликни йўлга қўйдим. Ишимиз яхши кетяпти. Бир кунда 600 донадан ортиқ нон ёпиб, аҳолимиз дастурхонига етказиб беряпмиз. 4 та ишчи олдим. Яна кредит олиб, фаолиятимни кенгайтириш ниятидаман. Бизнинг яшаш жойимиз 3-секторга бириктирилган. Улардан жуда миннатдорман. Тез-тез келиб, хабар олиб кетишади. Муаммолар бўлса айтамиз, имкон даражасида ҳал қилиб беришмоқда.
Шунингдек, бир қатор тадбиркорликни бошламоқчи бўлиб юрган фуқаролар кредит олишга ҳужжатлар тайёрлашмоқда.
— Мен 1998 йилда туғилганман, ёшлигимдан тикувчиликка жуда қизиқаман – дейди Қудуқлик МФЙда яшовчи Шаҳло Ражабова. — Сектор ходимларидан тадбиркорликка кредитлар берилаётганини эшитиб, мен ҳам ҳаракат бошладим. 2 та тикув машинасини олиб тукувчилик қилмоқчиман. Айни дамда ҳужжатларимни тайёрлаяпман.
Жорий йил 1 июнга қадар секторимизда 379 та тадбиркорлик субъекти фаолият бошлади. 329 та янги иш ўринлари яратилди. Бу йил 1499 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини битирган бўлса, булардан 1387 нафари турли ташкилот, корхоналарга ишга жойлашди.
Сектор ҳудудидаги 12487 та хонадонда 63230 нафар аҳоли яшайди. Кредит олиш ниятини билдирган инсонлар сони 75 нафар бўлиб, бугунги кунда 67 нафарига кредитлар ажратилди.

Маълумот ўрнида: 3-сектор ички ишлар бошқармаси
бошлиғига бириктирилган бўлиб, сектор штаби
50-Мустақиллик МФЙда жойлашган.
Вақф чорсу, Тўғонбоши, Ёғ бозори,
Чархин кўприги, Ноиб кўприги, Ғишт кўприк,
Парпашабоф, Азизтепа, Оқ олтин, Урганжибоғ,
Райҳон, Мустақиллик, Зилол, Янги обод,
Олтин водий, Қудуқлик маҳалла фуқаролар
йиғинлари ушбу сектор ҳудудига киради.
Сектор раҳбари ҳафтанинг ҳар сешанба куни
соат 1400 дан 1600га қадар фуқароларни қабул қилади.
Тел.:  543-50-54
Сектор томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳудудимизда кам таъминланган оилалар сони 486 тани ташкил этиб, бундан 15 таси кам таъминланганлар рўйхатидан чиқарилди. Албатта бу сектор томонидан берилаётган амалий ёрдам натижасидир.
— 2011 йилда Украина давлатига ишлаш учун борганман, – дейди Мустақиллик МФЙ фуқароси Маъмурахон Тоштемирова. — 2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга келдим. У ерда паспортимни йўқотиб қўйиб, турли қийинчиликларга учрадим. Ўзбекистон элчихонаси орқали махсус рухсатнома олиб, Ватанимга келиб олдим. Очиғини айтсам, бу ерда тасаввур ҳам қилиб кўрмаган ишлар юз берибди. Яъни, қўни-қўшниларим “бугун сайёр қабул бор экан, нима дардингиз бўлса ўша ерда ҳал бўлади”, дейишса, нима эканини тушунолмадим. Кейин 3-сектор раҳбарининг сайёр қабулига бориб, фуқаролик паспортимни чет давлатда йўқотиб қўйганлигимни айтдим. Улар менга бу борада амалий ёрдам беришди. Ҳеч бир қийинчиликсиз фуқаролик паспортини олдим. 1 нафар қизим билан турмушимдан ажралганман. Уни турмушга чиқардим. 2 нафар набирам бор. 3 йилдан бери бир касаллик билан курашаман. Даволанишга эса шароитим йўқ. Сектор ходимлари, маҳалламиз раис ва маслаҳатчилари ҳолимдан хабар олиб туришибди. Байрамларда озиқ-овқат, ёрдам пуллари беришади. Яқинда сектор томонидан Тошкентда даволаниб келиш учун ордер олиб берилди. У ерда менга “Токсикодермия” касали деб ташхис қўйишди. Ҳозир анча тузалиб қолдим. Яна даволаниб келишим учун ёрдам беришмоқчи. Улардан миннатдорман. Тинмай дуо қилиб ўтирибман.
Ҳудудимиздаги “Янгиобод” МФЙ “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, бугунги кунга қадар бу ерда жами 1.8 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилди. Жумладан, табиий газ бўйича 2.3 км. газ қувурлар таъмирланди, буёқ ишлари бажарилди. (25, млн. сўм маблағ сарфланди).
Электр энергияси бўйича 5.2 км. кабель янгиланди ва таъмирланди.  (287,0 млн. сўм маблағлар сарфланди),   1 дона янги ТП ўрнатилди  (150,3 млн. сўм маблағ сарфланди). Шунингдек, 1.6 км. ичимлик суви ва 0,2 км. оқава сув тармоғи таъмирланди (222.3 млн. сўм маблағ сарфланди).
Ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 47 та кўп қаватли уй бўлиб, шундан 46 таси таъмирга муҳтож. Бу уйларнинг томлари, фасад қисми, кириш йўлаклари, электр шитларини таъмирлаш, металл эшиклар ва уларга кодли қулф ўрнатиш, ертўла, муҳандислик коммуникацияларини созлаш, фрамуга ойналар ўрнатиш, гулзорларга бордюрлар қуйиш ишлари учун жами 605,0 млн. сўм маблағ сарфланди.
52-“Янги обод” маҳалла фуқаролар йиғинида ноқонуний қурилмаларни бузиш ва ободонлаштириш ишларига ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 260 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Маҳалладаги 14-сонли умумтаълим мактаби атрофи тўлиқ девор билан ўралди. Сектор раҳбари томонидан ўтказилаётган оммавий сайёр қабуллар жараёнида ҳам кўплаб инсонларнинг оғири енгил бўлмоқда. Жумладан, оммавий сайёр қабуллардан бирида Урганжибоғ МФЙ, Норин кўчаси, 69-уйда яшовчи Муҳаббат Ҳолиқова  соғлиги ёмонлиги, даволанишга маблағи йўқлиги, бу борада унга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилган. Фуқаро Муҳаббат Ҳолиқова  2-сонли оилавий поликлиника шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, бепул дори-дармонлар билан таъминланди.
Қилинган ишлар салмоғи ҳали у қадар катта бўлмаса-да, давлат бошқаруви идораларини оилаларга, ҳар бир инсонга янада яқинлаштираётган ушбу тизимдан одамлар хурсанд. Секторлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудда яшаётгани, аҳоли билан ҳамнафас эканлиги, муштарак мақсадлар йўлида ҳамжиҳатликда иш юритаётгани эзгу ташаббусларни тўлиқ рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.