Қўқон боғчаларида юрт байроғини жажжи аскарлар қўриқлайдилар

Бугун Қўқон шаҳридаги 32-мактабгача таълим муассасасида болаларни мурғаклигиданоқ ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида шаҳар ҳокимлиги ва ҳарбий қисмлар ҳамкорлигида ҳарбий таълим гуруҳи очилди ва “Ватанпарварлик бурчаги” ташкил этилди. Бу бурчакдан ҳарбий техникалар намуналари – ўйинчоқ танк, вертолёт, самолёт, ҳарбий қуроллар ўрин олган. Шунингдек, юртимизни қўриқлашдек шарафли бурчини адо этаётган чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган 28 нафар мард ўғлоннинг суратлари илинган. Боғча ёшидаги болаларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ватанпарварлик йўналишидаги шеърлар, ҳикоялар, мультфильмлардан фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган, қаҳрамонлик кўрсатиб, вафот этган ҳарбий хизматчиларнинг жасоратларини болаларга ибратли ҳикоялар, достонлар кўринишида бўлса-да етказиш, осон йўллар билан болалар онггида уларнинг жасоратларини гавдалантириш мақсад қилиняпти.
Мактабгача таълим муассасаларида асосий фаолият тури ўйин ҳисобланади. Ўйин жараёнида бола шахси шакллана бошлайди. Педагогик нуқтаи назардан тўғри ташкил этилган ўйин боланинг ахлоқий, иродавий хусусиятлари ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиради, ақлий тафаккурини оширади.
— Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори биз – ҳарбий хизматчиларга масъулият юклайди. Ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгиланди. Шу куни биз барча ўқув юртларида – шаҳардаги мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежлар, олийгоҳларда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Ҳарбий қисмлар ўзаро ҳамкорликда “Ватанпарвар гуруҳида тарбиялаш Концепцияси”ни ишлаб чиқдик. Қўқон ёшларини 5-7, 7-16 ва 16-30 ёш тоифаларга бўлиб, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратамиз, — дейишди ҳарбий қисм командири, подполковник Зафар Жўраев ва подполковник Шуҳрат Пўлатов. — Боғчаларда ҳарбий техникалар намуналари, фотосуратлар ёрдамида ўқув машғулотлари ўтказиш, расм чиздириш, Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда очиқ эшиклар куни ташкил этиб, болаларнинг ҳарбий қисмга саёҳатларини ташкил қилиш яхши самара беради. Босқичма-босқич ёшларни тарбиялаш доимий эътиборимизда бўлади. Ўсмир-болаларнинг хавфсизлигини таъминлаган ҳолда полигонларга олиб боришни ҳам кўзда тутяпмиз. Барча ўқув масканлари ёшларини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари фаолиятига оид “Ватанпарвар” газетаси ва “Ўзбекистон армияси” журналлари билан таъминлашни ўз зиммамизга оламиз. Шу тариқа ёшлар ҳарбий ҳаёт, Қарор ва Фармонлар, ислоҳотлар моҳияти билан танишиб борадилар.
Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновнинг таъкидлашича, шаҳардаги барча мактабгача таълим муассасаларида худди шундай “Ватанпарварлик бурчаклари” ташкил этилади. Мактабгача таълим муассасалари услубчилари, психологлар билан махсус режа, услубий қўлланмалар тузилиб, тарбияланувчилар билан ўқув машғулотлари олиб борилади. Болалар ҳарбий қўшиқлар тинглаш, ёдлаш, ёшларига мос тарзда ҳарбий спорт турлари билан шуғулланиш орқали ватанга садоқат руҳида тарбияланадилар. Келажакда уларнинг барчаси ҳам ҳарбийлик касбини танлашмаса-да, ҳақиқий ватан ҳимоячилари бўлиб улғаядилар. Ёшлар ҳарбий хизматчиларнинг вазифаси, бажарадиган иши билан танишиб борадилар. Улар орасида турли мусобақалар ўтказилади.
— “Ватанпарварлик бурчаги”да болалар учун нималар бўлиши керак? Ватанпарварлик ўзи нима? Қандай қилиб болани ватанпарвар инсон сифатида тарбиялаш мумкин?, — дея кенг жамоатчиликка мурожаат этди шаҳар ҳокими.
Бу саволга таълим муассасалари раҳбарлари атрофлича жавоблар қайтардилар.
— Ватан остонадан бошланади. Аввало бола оиласига, яшаб турган хонадони ва иккинчи уйи – боғчасига меҳр билан улғайиши, таълим масканини ватанимизнинг бир бўлаги сифатида эъзозлашни ўрганиши керак, — деди 11-боғча раҳбари Мавжудахон Тошпўлатова. — Тарбиячиларни, ўртоқларини ҳурмат қилиш ҳам ватанпарварлик.

— Ватанпарварлик тўғрисўзлик, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, мардлик ҳамдир, — деди шаҳар ҳокими. — Ичдан уйғонадиган бу эзгу туйғуларни қандай шакллантириш йўлларини ўйлаш керак. Жалолиддин Мангуберди, Фарҳоддек қаҳрамонларимизни болалар билишсин. Таълим жонкуярлари зиммасида юрт ҳимояси йўлида жон берган қаҳрамонлар сиймоларини болалар кўз олдида қандай жонлантириш, қандай қилиб уларнинг ёдида сақлаш йўлларини излаш каби вазифалар турибди.
32-боғчада “Ватанпарвар гуруҳи” машғулотлар хонаси давлатимиз рамзлари билан жиҳозланиб, давлат байроғини ҳимоялаш учун мурғак “ҳарбий хизматчи” – аскар болажонлар навбатчилигини (улар толиқмайдиган маълум дақиқаларгагина) ташкил этиш режалаштириляпти. Ҳарбий гуруҳдаги болажонлар ҳарбийча кийиниб, ҳозирданоқ фахр-ифтихор билан “Мен ҳарбий хизматчи бўламан!”, дея таъкидлашмоқда.

Мухтасар НОРБАЕВА.