Турон кўчасида капитал таъмирлаш, қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига асосан шаҳримизда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш назарда тутилган бўлиб, бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугун капитал таъмирлаш, қайта қуриш ва ободонлаштириш ишлари шаҳримизнинг Турон кўчасида ҳам бошланди.

Бу кўчада савдо маиший ва хизмат кўрсатиш объектларини ҳамда турар жой биноларини таъмирлаш, фасад қисмларини янгилаш назарда тутилган. Шунингдек бу ерда автомобил йўлини кенгайтириш, йўл ёқасида гулзорлар ташкил этиш, пиёдалар йўлакларини қуриш, сосна, каштан каби кўп йиллик манзарали дарахтлар экиш режалаштирилган. Йўл бўйидаги савдо маиший объектларнинг реклама қурилмалари шаҳарсозлик нормаларига мос ҳолатга келтирилади.

Турон кўчасида қурилиши режалаштирилаётган 40 ўринли замонавий меҳмонхона фестивалга ташриф буюрадиган меҳмонларни муносиб кутиб олиш ва шаҳримиз кўркига янада кўрк қўшишга хизмат қилади.