Электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик текширилгандан кейин амалга ошириладиган йирик битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 15 февралдаги ПФ-5343-сонли Фармони ижросини таъминлаш ҳамда энергия ресурсларини истеъмол қилиш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш, шунингдек, ижро ишини юритиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 майдаги 379-сонли Қарори билан электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари ҳамда ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлик текширилгандан кейин амалга ошириладиган йирик битимлар ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди.

Эндиликда қуйидаги рўйхатга киритилган хизматлар Мажбурий ижро бюроси маълумотлар базасида қарздорлик аниқланмаган тақдирдагина кўрсатилади:
-кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш (олди-сотди, ижара, ҳадя, ишончнома бериш, ишончли бошқариш ва шу кабилар);
-автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлаш (олди-сотди, ижара, лизинг, ҳадя, ишончнома бериш ва шу кабилар);
-янги автомототранспорт воситаларини, шу жумладан, лизинг шартномалари бўйича сотиш;
-кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги кадастр ишларини тайёрлаш;
-автотранспорт воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш;
-автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш ва алмаштириш.

Жисмоний ва юридик шахсларда қарздорлик аниқланган тақдирда, битимни амалга ошираётган ёки хизматлар кўрсатаётган ташкилотлар қарздорга Бюро маълумотлар базасидан олинган тегишли кўчирма нусхани тақдим қилган ҳолда битимни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатишни рад этади.
Етказиб берилган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорликни текшириш жисмоний шахсларга — кўчмас мулк объектлари мулкдорларига ва қарздор — кўчмас мулк мулкдорининг турар жой манзили бўйича доимий прописка қилинган шахсларга нисбатан амалга оширилади.

Бундан ташқари, қабул қилинган қарор билан Бюрога жисмоний шахсларнинг етказиб берилган энергия ресурслари, сув чиқариш хизматлари, ижро ҳужжатлари бўйича қарзларни тўлашнинг қўшимча шакллари, фуқароларнинг қарздорлик мавжудлиги ва уни замонавий ахборот-коммуникация технологиялардан, шу жумладан, SMS хабарлар ва USSD сўровлардан фойдаланган ҳолда тўлаш тартиби тўғрисида хабардор қилиш шаклларини жорий этиш ҳуқуқи берилди.

Д.Имамов,
Мажбурий ижро бюроси
Кукон шаҳар бўлими
Қарздорликни судгача
ундириш шўъбаси катта инспектори.