Хонлар муҳрида-бодом

Тарихдан маълумки, барча хонларнинг ўз муҳри бўлган. Айрим хонларнинг муҳри бодом шаклида бўлган экан. Бодом барака маъносини англатган. Қўқон хони Худоёрхон ўз муҳри учун иккита бодом шаклини танлаган.

Худоёрхон ўрдасида жойлашган Қўқон маданияти тарихи Давлат музейи қарийб 120 йиллик тарихга эга. Музейда 80 мингдан ортиқ экспонатлар сақланмоқда. Ўзбекистоннинг энг кекса музейларидан бири бўлган бу масканда 5 та (тарих, табиат, санъат, илмий-оқартув ва фонд) бўлим ва 10 та (тасвирий санъат, метал ва сопол, махсус мато, буюмлар, ҳужжатлар, газета ва плакатлар, ёғоч буюмлар, археология ва нумизматика, табиат, фотонегатив ва суратлар) захирахоналар фаолият кўрсатиб турибди. Шунингдек, Фарғона туманининг Шоҳимардон ва Каптархона қишлоқларидаги мемориал музейлар, Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туман тарих музейлари, Яйпан шаҳрида “Ўзбекистон тумани тарихи” каби тармоқлари фаолият кўрсатяпти.

Қўлёзма ва ҳужжатлар коллекциясида Худоёрхоннинг сарой кутубхонасидан келтирилган, муқоваси теридан тайёрланган ва сарғиш рангда қолипланган Қуръони Карим китоби мавжуд. Бу қўлёзма кўфий хатида санъаткорона кўчирилган бўлиб, 75 жойига Худоёрхоннинг “вақф фисабилуллоҳ” ёзувли муҳри босилган.

Шунингдек, 36 та кичик муҳр ҳам бўлиб, унда ҳам “вақф фисабилуллоҳ 1287” дея қайд қилинган, ёзилган санаси ҳам кўрсатилган. Оятлар ўртасида 36 жойга ой, тамға, ёй, қуёш рамзлари тилло рангда босилган. Бу каби нодир қўлёзма ва ҳужжатлар нафақат вилоятнинг, балки бутун водийнинг узоқ ва яқин ўтмишини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Суратда: 23 йилдан буён ҳунармандчилик билан машғул қўқонлик ёғоч ўймакор уста Аброржон Қосимов. Бу уста ҳунарманд фестивалда шогирдлари билан ясаган элликдан ортиқ совғабоп буюмлар билан қатнашади. Унинг ҳунармандчилик буюмлари орасида Худоёрхоннинг узугидаги муҳр шаклининг 10-15 баравар катталаштирилган кўриниши эътиборимизни тортди.